Самарқандда Европа Иттифоқи ва ЮНEСКО кўмагида малака ошириш факультети очилди
Самарқандда Европа Иттифоқи ва ЮНEСКО кўмагида малака ошириш факультети очилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 3 декабрь куни Самарқанд шаҳрида ЮНEСКО ва Европа Иттифоқи кўмаги билан модернизация қилинган Касбий таълимни ривожлантириш институти ҳузуридаги Самарқанд вилоят ҳудудий қайта тайёрлаш ва малака ошириш факультетининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда иштирок этган Европа Иттифоқи, ЮНEСКО, Касбий таълим агентлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар бошқармаси ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлиги вакиллари лойиҳа доирасида таъмирланган бинолар, ўқитувчилар малакасини ошириш хоналари ва замонавий жиҳозлар билан яқиндан танишдилар.
Мазкур факультет муҳандислик йўналишида Самарқанд ва қўшни вилоятлардаги хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият юритаётган касбий таълим ташкилотларининг ишлаб чиқариш таълими усталари ва махсус фан ўқитувчиларининг малакасини оширишга ихтисослашган.
Малака ошириш курслари 144 соатга мўлжалланган ўқув режа ва дастурлар асосида ташкил этилади. Ўқув жараёни касбий таълим соҳасидаги давлат сиёсати, ахборот-коммуникация технологиялари ва медиасаводхонликни қўллаш, замонавий касбий кўникмаларни ривожлантириш ҳамда тингловчилар билимларини баҳолаш механизмларини ўз ичига олади. Факультетда шу кунга қадар муҳандислик йўналишида ишлаб чиқариш таълими усталарининг малакаси оширилди.
2025 йили Самарқанд туризм ва маданий мерос техникуми томонидан факультет ихтиёрига берилган 150 ўринли ўқув устахонаси ЮНEСКО лойиҳаси ва Европа Иттифоқи кўмаги орқали “Ўқув амалиёт базаси” сифатида капитал таъмирланди ва тўла жиҳозланди.
Янгиланган “Ўқув амалиёт базаси” 2026 йилдан бошлаб муҳандислик йўналишларидан ташқари, хизмат кўрсатиш соҳасидаги туризм, меҳмонхона хизмати, ресторан сервиси, ошпазлик ва сартарошлик каби йўналишлар бўйича ҳам малака ошириш курсларини ташкил этиш имконини яратади. Бундан ташқари, ҳар йили Самарқанд туризм ва маданий мерос техникумининг 650 нафардан ортиқ ўқувчи-талабалари ўқув амалиётларини самарали ўташлари учун кенг имкониятлар яратилди.