Валюта курслари 18/07/2025
$1 – 12658.19
UZS – -0.79%
€1 – 14672.11
UZS – -1.0%
₽1 – 161.44
UZS – -1.16%
Қидириш
Иқтисод 19/07/2025 Самарқандда чиқинди ёқиш заводи қурилишига старт берилди

Самарқандда чиқинди ёқиш заводи қурилишига старт берилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Маълумки сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан атроф-муҳит муҳофазаси, хусусан чиқиндиларни иқтисодиётнинг муҳим бўлагига айлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу йўналишда соҳани самарали бошқариш ва полигонларни қисқартириш, аҳоли розилигига эришишга доир қатор чора-тадбирлар олиб борилмоқда. 

Жумладан, чиқиндиларни қайта ишлаш ва улардан энергия манбаи олишга асосланган замонавий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича Экология вазирлиги ҳузуридаги Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги директори Шарифбек Ҳасанов ҳамда Хитой Халқ Республикасининг “Shanghai SUS Environment” LLC етакчи экологик компанияси раҳбари Лонг Жи Шенг ўртасида чиқиндиларни етказиб бериш битимлари имзоланган эди. 

Унда чиқиндиларни термик қайта ишлаш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш лойиҳаси Самарқанд вилоятида босқичма-босқич тадбиқ этилиши назарда тутилган. Мазкур лойиҳа Хитой Халқ Республикасининг “Shanghai SUS Environment” LLC йирик компанияси томонидан амалга оширилади.

Бу борада, қаттиқ маиший чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 24 март куни ПҚ-118-сон қарори қабул қилинган эди. 

Унга кўра ҳудудда экологик вазиятни яхшилаш, чиқиндиларни қайта ишлаш соҳасига замонавий ечимлар ва технологияларни жорий этиш орқали электр энергияси ишлаб чиқарилади ҳамда соҳага тўғридан-тўғри инвестиция жалб этилади.

Бугун, 18 июль куни Самарқанд шаҳри «Хушрав» қўрғони “Наврўз” МФЙда жойлашган 15 гектар ҳудудда чиқинди ёқиш заводига тамал тоши қўйилиб, қурилиш жараёнларига старт берилди.

Жараёнда Чиқиндиларни бошқариш агентлиги директори Шарифбек Ҳасанов сўзга чиқиб, "Ушбу лойиҳалар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, чиқиндиларни полигонларга жойлаш ҳажмини камайтириш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш ва экологик барқарорликни таъминлаш каби мақсадларга хизмат қилиши" ҳақида таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, очилиш маросимида ташаббускор инвесторлар, вилоят ҳокими, Экология ва Чиқиндиларни бошқариш бошқармалари, секторлар масъуллари, маҳалла ва санитар тозалаш корхоналари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Самарқанд вилоятида “Shanghai SUS Environment” LLC компанияси томонидан умумий қиймати 150 млн АҚШ доллари миқдорида инвестиция жалб этилган. Кунига 1,5 минг тонна чиқинди қайта ишланиб, йилига жами 240 млн кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Лойиҳа 150-200 та янги иш ўрни яратилиши билан ҳам аҳамиятлидир. Инвестор томонидан 2025–2027 йилларда лойиҳанинг ишга туширилиши таъминланади. 

Электр энергиясини сотиб олиш ва қаттиқ маиший чиқиндиларни етказиб бериш тўғрисидаги битимларга мувофиқ лойиҳа компания ишлаб чиқарган электр энергиясини 30 йил давомида «Ўзенергосотиш» АЖга кафолатланган тарзда сотади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг