Самарқанд вилоятида нафақахўр тўйда дрифт уюштирди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 17 июн куни ижтимоий тармоқларда катта ёшли эркак томонидан йўл ўртасида дрифт уюштирилган видеолавҳа тарқалди. Ҳодиса жамоатчилик орасида кенг муҳокамага сабаб бўлди ва тез орада бу борада Самарқанд вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан изоҳ берилди.
ЙҲХБ ходимларининг аниқлашича, воқеа Пастдарғом туманидаги «Қаршиобод» маҳалласи орқали ўтувчи ички ҳудуд йўлида содир бўлган. Қоидабузарлик тўй кортежи пайтида рўй берган: ҳайдовчилар гуруҳи ҳаракат жараёнида кескин йўналишни ўзгартирар, йўлда яқин масофадаги колоннада ҳаракатланар эди.
Нафақахўр ҳайдовчи сифатида автомобил бошқариб колоннага қўшилди ва қоидаларга риоя қилмасдан, йўлнинг ўзида дрифт уюштирди.
Текширув натижаларига кўра, қоидабузарликда иштирок этган шахсларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-моддаси 10-қисми (йўл ҳаракатида безорилик) ҳамда 129-моддаси (йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид солувчи гуруҳли ҳаракат) асосида чоралар кўрилди. Барча иштирок этган транспорт воситалари жарима майдончасига жўнатилди.