Самарқанд ва Малайзия тиббий ва экспорт лойиҳаларини муҳокама қилишди
Самарқанд ва Малайзия тиббий ва экспорт лойиҳаларини муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев бошчилигидаги делегация аъзолари Малайзияга ташрифи доирасида “Orion Consortium” ҳамда “Ал Ҳижраҳ Глобал” вакиллари билан музокаралар ўтказди.
“Orion Consortium” компанияси вакиллари Самарқанд вилоятида замонавий диализ марказларини ташкил этиш бўйича ўз таклифларини илгари сурди. Ушбу лойиҳа ҳудудда тиббий хизматлар сифатини ошириш, айниқса буйрак касалликларидан азият чекаётган беморлар учун қулай шароит яратишга хизмат қилиши қайд этилди. Томонлар мазкур ташаббусни амалга оширишнинг ташкилий ва молиявий жиҳатларини муҳокама қилдилар.
Шу билан бирга, “Al Hijrah Global” компанияси вакиллари билан Самарқанд вилоятида етиштирилаётган сархил ва қуруқ меваларни Малайзия бозорига экспорт қилиш имкониятлари кўриб чиқилди. Суҳбат давомида маҳсулот сифатини халқаро стандартларга мослаштириш, логистика занжирларини йўлга қўйиш ва экспорт ҳажмини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мазкур музокаралар Самарқанд вилоятининг инвестициявий жозибадорлигини янада ошириш, шунингдек, ташқи иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш имкониятини янада оширади.