Самарқанд ва Малайзия мусулмон туризми соҳасида ҳамкорликни ривожлантирмоқда

Самарқанд ва Малайзия мусулмон туризми соҳасида ҳамкорликни ривожлантирмоқда

Самарқанд ва Малайзия мусулмон туризми соҳасида ҳамкорликни ривожлантирмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев Малайзиядаги қатор ташкилот ва компаниялар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказмоқда.

Жумладан, Малайзия Ислом туризм маркази мутасаддилари билан мулоқот ташкил этилиб, мусулмон сайёҳларга хизмат кўрсатиш соҳасида тажриба алмашиш ва ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув давомида мусулмон сайёҳлар эҳтиёжларига мос хизматлар кўрсатиш, улар учун қулай ва зарур шарт-шароитларни яратиш, хусусан, овқатланиш тизими, транспорт хизматлари ҳамда зиёрат туризмини самарали ташкил этиш каби йўналишларга алоҳида эътибор қаратилди.

Вилоят ҳокими бу борада Самарқанднинг туризм салоҳиятини янада оширишга қаратилган қатор таклифларини билдирди. Хусусан, вилоятдаги муқаддас қадамжоларни зиёрат қилишни тизимли йўлга қўйиш, хизматлар сифатини халқаро стандартлар даражасига олиб чиқиш борасидаги ишлар ҳақида тўхталди.

Малайзия томони ҳам мусулмон туризмини ривожлантириш бўйича ҳамкорликни жадаллаштириш зарурлигини таъкидлаб, тажриба алмашиш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканликларини билдирди.

Музокаралар якунида томонлар мусулмон сайёҳларга хизмат кўрсатишни самарали ташкил этиш юзасидан ўзаро келишувларга эришди. Мазкур ҳамкорлик келгусида Самарқанднинг халқаро зиёрат туризми марказларидан бирига айланишида муҳим ўрин тутади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг