Самарқанд ва Малайзия Ҳаж бўйича ҳамкорликни ривожлантирмоқда
Самарқанд ва Малайзия Ҳаж бўйича ҳамкорликни ривожлантирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев Малайзияга ташрифи доирасида "Tabung Haji" ташкилоти раиси Тан Сри Абдул Рашид Ҳуссаин билан учрашув ўтказди.
Ташкилотнинг Куала-Лумпурдаги "Menara TH" биносида жойлашган бош қароргоҳида бўлиб ўтган мазкур учрашув давомида томонлар Ҳаж ва Умра зиёратларини ташкил этишда ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар. Хусусан, малайзиялик зиёратчилар учун муқаддас сафарларни амалга оширишда «Умра+» дастури доирасида Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуасига зиёратларни ташкил этиш, бу ерда улар учун зарур шароитларни яратиш масаласи кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, бундай ҳамкорлик икки мамлакат ўртасида диний соҳадаги ҳамкорликни ривожлантириш, маданий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Учрашув якунида томонлар келгусида амалий ҳамкорликни кенгайтириш, зиёрат туризми йўналишида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишиб олдилар.