Самарқанд ва Бавария ўртасидаги ҳамкорлик кенгаймоқда
Самарқанд ва Бавария ўртасидаги ҳамкорлик кенгаймоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Германия делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев Бавариянинг Европа ва халқаро ишлар бўйича давлат вазири Эрик Байсвенгер билан учрашув ўтказди.
Музокаралар чоғида немис томони ҳамкорликни кенг кўламда ривожлантиришга катта қизиқиш билдирди. Айниқса, Эрик Байсвенгер кадрлар тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратиб, бугунги кунда Баварияда малакали мутахассисларга эҳтиёж юқори эканини таъкидлади. Шу муносабат билан, немис стандартларига мос кадрлар тайёрлашга қаратилган қўшма таълим дастурлари ва касбий тайёргарлик марказларини ташкил этиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Ўз навбатида, Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев бавариялик инвесторларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирди. Самарқандда янги бизнес ташаббусларини амалга ошириш, қулай инвестиция муҳитини яратиш учун барча зарур шароитлар ва инфратузилма мавжудлиги таъкидланди.
Учрашувда туризм соҳасини ривожлантириш истиқболлари ҳам алоҳида кўриб чиқилди. Самарқанднинг бой тарихий мероси ва Бавариянинг юқори иқтисодий салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда, томонлар ўзаро сайёҳлар оқимини ошириш ва туризм соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини муҳокама қилдилар.
Учрашувда билдирилган ташаббусларни амалга ошириш нафақат иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга, балки ҳудудлар ўртасидаги гуманитар мулоқотни ривожлантиришга ҳам муҳим ҳисса қўшади.