Самарқанд расман ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси ўтказиладиган жойга айланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Самарқанд расман ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси ўтказиладиган шаҳар сифатида тасдиқланди. Бу ҳақдаги расмий келишув Ўзбекистон ҳукумати ва ЮНЕСКО ўртасида Париждаги ташкилот қароргоҳида имзоланди.
Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёеванинг таъкидлашича, бу нафақат катта шараф, балки юксак масъулият ҳамдир. Чунки сўнгги 40 йил ичида илк бор конференция Париждан ташқарида ўтказилади. Бу қарор Ўзбекистоннинг ижодий индустрияси ва халқ дипломатияси йўналишидаги фаол ишлари натижасида қабул қилинди.
«Бу – жаҳон жамоатчилигининг юртимизга, унинг очиқлигига, бой анъаналари ва маданий меросига, мусиқа ва адабиётига бўлган катта қизиқишининг ифодасидир. Биз маданият ва санъат орқали мамлакатимизни тарғиб қилаяпмиз, дунёга янада яқинлашаяпмиз ва тушунарлироқ бўлаяпмиз. Бу алоқалар эса ҳар доим иқтисодиёт, қўшма лойиҳалар ва умумий ғояларга айланади», — деди Саида Мирзиёева.
ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси жорий йилда бўлиб ўтади ва унда таълим, фан ва маданият масалалари муҳокама қилинади. Бу ҳақдаги бир овоздан қабул қилинган қарор 2023 йилда ўтказилган 42-сессияда тасдиқланган эди.