Самарқанд гўштни қайта ишлаш ва меҳмонхона саноатига малайзиялик инвесторларни жалб қилмоқда
Самарқанд гўштни қайта ишлаш ва меҳмонхона саноатига малайзиялик инвесторларни жалб қилмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев Малайзиянинг “Насрул Қуръан” нашриёти раҳбари Хожа Моҳд Ашяхарим бин Абдуллатиф бошчилигидаги делегация вакиллари билан учрашув ўтказди.
Суҳбат аввалида вилоят ҳокими Самарқанднинг бой тарихи, унинг илм-фан, маданият ва маънавият маркази бўлиб келгани, бу ердан кўплаб улуғ мутафаккирлар, олиму уламолар етишиб чиққанлиги хусусида тўхталиб ўтди. Шунингдек, бугунги кунда тарихий меросни асраб - авайлаш, аждодлар меросини тарғиб қилиш борасидаги ишлар ҳақида сўз юритилди.
Шундан сўнг меҳмонлар Малайзиядаги “Насрул Қуръан” нашриёти фаолияти, нашриёт томонидан чиқарилаётган Қуръон ва ҳадислар ҳақида маълумотлар беришди. Шунингдек, таълим, меҳмонхона хизмати ва озиқ-овқат маҳсулотлари тайёрлаш соҳаларида ҳам фаолият олиб бораётганлиги айтилди. Бундан ташқари, меҳмонлар Самарқандда гўштни қайта ишлаш заводини очишга қизиқиш билдириб, вилоятни ушбу йўналишда инвестициялар учун истиқболли ҳудуд сифатида кўраётганини таъкидладилар.
Самарқандга ташриф доирасида делегация аъзолари Имом Бухорий мажмуасини ҳам зиёрат қилишгани ва амалга оширилаётган ободонлаштириш ишлари ҳамда бунёдкорлик лойиҳалари уларда катта таассурот қолдирганини айтишди. Ашяхарим бин Абдуллатиф мажмуани ривожлантириш лойиҳаларида ҳамкорлик қилиш ва унинг янада обод бўлишига ҳисса қўшиш истагини билдирди.
Адиз Бобоев Индонезия ва Малайзиядан келаётган сайёҳлар ва зиёратчилар сони ортиб бораётганини таъкидлаб, ушбу давлатлар миллий таомлари ва туризм хизматларига эҳтиёж ортаётгани хусусида тўхталди ҳамда Имом Бухорий мажмуаси ҳудудида қурилаётган меҳмонхоналардан бирининг бошқарувини малайзиялик мутахассисларга бериш имкониятини кўриб чиқишни таклиф этди. Бу эса меҳмонлар учун уларнинг анъаналарига мос шароит яратишга хизмат қилади.
Учрашув якунида томонлар зиёрат туризмини янада ривожлантириш, зиёратчилар сонини кўпайтириш, шунингдек, Самарқанд вилояти билан Малайзиянинг турли ҳудудлари ўртасидаги маданий ва иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш борасида келгусидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар.