Самарқанд делегацияси Малайзиянинг йирик “MATTA Fair” туризм кўргазмасида иштирок этди
Самарқанд делегацияси Малайзиянинг йирик “MATTA Fair” туризм кўргазмасида иштирок этди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев бошчилигидаги Самарқанд вилояти делегацияси Малайзияда ўтказилаётган нуфузли "MATTA Fair" халқаро туризм кўргазмасида иштирок этди. Мазкур нуфузли тадбир Малайзия пойтахти Куала-Лумпур шаҳрида ўтказилиб, унда дунёнинг турли давлатларидан келган туризм соҳаси вакиллари жам бўлди.
Самарқанд вилояти делегацияси "MATTA Fair" халқаро туризм кўргазмаси доирасида муҳим учрашув ўтказди. Мазкур тадбир давомида вилоят ҳокими Адиз Бобоев "Malaysia Airlines" раҳбарияти билан музокаралар олиб борди.
Учрашувнинг асосий мавзуси Самарқанд ва Малайзия ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш масаласи бўлди. Томонлар янги рейсларнинг очилиши икки ҳудуд ўртасида зиёрат туризми ривожига салмоқли ҳисса қўшиши шунингдек, савдо ва маданий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидладилар.
"Malaysia Airlines" вакиллари ҳам Самарқандга авиа қатновнинг йўлга қўйилиши истиқболли йўналишлардан эканини таъкидлаб, бу борада зарур амалий чоралар кўришга тайёр эканликларини маълум қилдилар. Томонлар яқин келажакда техник ва ташкилий жиҳатларни батафсил муҳокама қилишга келишиб олдилар.
Мазкур учрашув Самарқанд вилоятининг халқаро туризм бозоридаги ўрнини мустаҳкамлаш ва янги йўналишларни очиш борасидаги муҳим қадамлардан бири сифатида баҳоланди.
Кўргазма доирасида Самарқанд вилоятининг бой тарихий-маданий мероси, зиёрат туризми салоҳияти, миллий анъаналар ва замонавий туризм инфратузилмаси кенг тарғиб қилинди.
Делегация томонидан тақдим этилган тарғибот материаллари орқали ташриф буюрувчиларга Самарқанднинг жаҳон цивилизациясидаги ўрни, унинг қадимий обидалари ҳамда ноёб маданий мероси ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.
Тадбир давомида кўргазма иштирокчилари учун миллий таомимиз – Самарқанд оши тайёрланиб тарқатилди.
Мазкур ташаббус кўргазмага ташриф буюрган хорижий меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Улар нафақат Ўзбекистоннинг бой маданий мероси билан танишдилар, балки миллий таомларининг ўзига хос таъмини ҳам ҳис қилиш имконига эга бўлдилар.
Бундай тақдимотлар мамлакатнинг туризм салоҳиятини янада кенг тарғиб қилишга хизмат қилади.