Саккизта тиббиёт олий ўқув юртининг таълим йўналишлари халқаро аккредитациядан ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг ўтган даврида тиббий таълим йўналишида салмоқли ютуқларга эришилиб, қатор янгиликлар кузатилди.
Соҳа учун кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида учта олий ўқув юрти негизида Тошкент давлат тиббиёт университети ташкил этилди.
Урганч давлат тиббиёт институти фаолияти йўлга қўйилди.
Самарқанд давлат тиббиёт университети нуфузли халқаро THE рейтингига кирган Ўзбекистондаги илк тиббиёт олийгоҳи сифатида эътироф этилди.
Саккизта тиббиёт олий ўқув юртининг таълим йўналишлари халқаро аккредитациядан ўтди.
Бухоро давлат тиббиёт институти ва Webster university билан ҳамкорликда 3+1 шарти асосида “Олий ҳамширалик иши” бакалавриат таълим йўналиши, Фағона жамоат саломатлиги тиббиёт институти ва БААнинг Gulf университети билан ҳамкорликда 3+3 шарти асосида “Associate degree in preclinical sciences” бакалавриат ва “Doctor of medicine” магистратура мутахассислиги бўйича қўшма таълим дастурлари жорий этилди.
АҚШнинг Франклин университети билан олий ҳамширалик иши мутахассисларини тайёрлаш юзасидан ҳамкорлик шартномалари имзоланди.
Германия тажрибаси асосида Немис тиббиёт академиясининг таълим дастурларига асосланган 50910203 – “Ҳамширалик иши” мутахассислиги бўйича халқаро таълим дастурлари ишлаб чиқилди.
Мазкур дастурлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Globogate Concept AG билан келишилган ҳолда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан тасдиқланган.
Таълим дастури доирасида Германия иш берувчиларининг талабларидан келиб чиққан ҳолда Немис тиббиёт академиясининг 5 та модули ҳамда В2 даражасига мос немис тили машғулотларини ўқитиш назарда тутилган.
Кадрлар салоҳиятини юксалтириш мақсадида шу йил бошидан буён 300 нафарга яқин мутахассисларимиз АҚШ, Россия, Хитой, Германия, Франция, Туркия, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Озарбайжон, Беларусь каби дунёнинг етакчи мамлакатларида ўз билим ва малакасини ошириб қайтди.