Саида Мирзиёева Оксфорд университети мукофоти билан тақдирланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ушбу нуфузли мукофот аёлларнинг таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, оиладаги зўравонликни жиноий жавобгарликка тортиш бўйича ташаббусларни ҳимоя қилиш ҳамда фаол ва намунали етакчилик орқали аёлларни руҳлантириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфааттларини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари учун тақдим этилди.
14 октябрь куни Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Оксфорд университетида Ўзбек тадқиқотлари дастурининг расмий очилишида иштирок этди.
Оксфорд — Буюк Британияда «Осиё ва Яқин Шарқ тадқиқотлари» факультетининг ўқув дастурига ўзбек тили ва қадимги ўзбек (чиғатой) тилини киритган биринчи ва ягона университет бўлди.
Дастурнинг очилишида сўзга чиққан Саида Мирзиёева шундай деди: «Кўп ўн йиллар давомида Ўзбекистон ёпиқ эди. Бугун у ҳар қачонгидан ҳам очиқ, илм-фан, технологиялар, тараққиёт ва энг муҳими, мулоқот учун очиқ. Ва бу мулоқотни бошлаш учун Оксфорддан кўра яхшироқ жой бўлиши мумкинми, ахир бу ерда дунё ғоялари, маданиятлар ва тиллар туташади, таълим алоҳида шахсларни, бутун миллатларни шакллантиради».