Саида Мирзиёева Буюк Британия вакиллари билан инвестициявий ҳамда парламент ташаббусларини муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Буюк Британия ҳукумати ва парламенти вакиллари билан бир қатор учрашувлар ўтказди.
Буюк Британия Бош вазирининг инвестициялар бўйича маслаҳатчиси Варун Чандра билан бўлиб ўтган мулоқотда икки давлат ўртасидаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Жаноб Чандра Ўзбекистонда иқтисодиётни ривожлантириш ва инвестиция муҳитини яхшилашга қаратилган ислоҳотларга катта қизиқиш билдирди.
Саида Мирзиёева таъкидлашича, эришилган келишувлар икки давлат ўртасида янги амалий ташаббуслар ва узоқ муддатли ҳамкорлик учун мустаҳкам асос яратади.
Шунингдек, у Буюк Британия парламенти Қуйи палатаси спикери Линдси Хойл билан ҳам учрашув ўтказди.
Томонлар Буюк Британия ва Марказий Осиё давлатлари парламентлари ўртасида фаол мулоқот майдонини яратишга хизмат қиладиган “Марказий Осиё бўйича Умумпартиявий гуруҳ” ташкил этилишини муҳим қадам сифатида қайд этдилар.
Учрашув якунида гуруҳ делегациясининг Ўзбекистонга ташриф буюриши ҳақида келишувга эришилди. Суҳбат сўнгида меҳмонлар парламентнинг тарихий биноси билан танишдилар.