Руминиянинг Accesa IT-компанияси Тошкентда офисини очмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — IT Park Uzbekistan штаб-квартирасида хизматлар экспортини ривожлантириш бўйича директор Маҳлиё Муксинова Руминиянинг «Accesa» IТ-компанияси молиявий директори Рарес Бреаз бошчилигидаги делегация билан учраш ўтказди.
Ташриф давомида «Accesa» вакиллари компаниянинг Ўзбекистонда муваффақиятли рўйхатдан ўтганлигини тасдиқлади ва Тошкентда офис очиш режаларини расман эълон қилди.
Accesa — бизнесни рақамли трансформация қилиш соҳасида 20 йилдан ортиқ тажрибага эга бўлган Европанинг етакчи IТ-ечимлар етказиб берувчиларидан бири ҳисобланади. 2004 йилда Клуж-Напокда (Руминия) ташкил этилган компания Европа бозорларида, хусусан DACH минтақаси, Буюк Британия ва Шимолий Европа мамлакатларида фаолият юритиб, асосий эътиборини чакана савдо, ишлаб чиқариш ва молия соҳаларига қаратган.
Ўзбекистон жадал ривожланаётган рақамли инфратузилмаси, қулай ишбилармонлик муҳити ва IT Park Uzbekistan томонидан кўрсатилаётган қўллаб-қувватлаш туфайли кенгайиш учун стратегик йўналиш сифатида танланди.
Учрашувда томонлар дастлабки ишларнинг натижаларини кўриб чиқдилар. «Ассеса» компанияси IT Park жамоаси кўмагида “One-Stop Shop” (OSS) платформаси орқали рўйхатдан ўтиш жараёнини муваффақиятли якунлади. Бундан ташқари, компания юридик ва бухгалтерия масалалари бўйича маслаҳат ёрдами, шунингдек офис биноларини танлашда кўмак олди. Операцион фаолиятга тайёргарлик кўриш учун юридик ва молиявий муассасалар билан учрашувлар ўтказилди.
“Local to Global” дастури доирасида «Accesa» ва IT Parkнинг тўрт резидент компанияси — "Uzinfocom”, “UIC Group”, “Tune Consulting" ва “Proximaops” ўртасида самарали учрашувлар ташкил этилди. Ушбу музокараларнинг мақсади хизматларни аутсорсинг қилиш ва лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш учун маҳаллий IТ-компаниялар билан ҳамкорлик ўрнатишдан иборат бўлди. Мазкур ҳамкорлик нафақат «Accesa»нинг Ўзбекистон бозорига муваффақиятли киришига ҳисса қўшади, балки ўзбек компанияларига халқаро мижозларга чиқиш ва Европа бозорларига чиқиш бўйича янги имкониятлар яратади.
Тошкентда «Accesa» офисининг очилиши 2024 йил июнь ойида бошланган изчил мулоқотнинг натижаси бўлиб, Европа IТ-компанияларининг Ўзбекистонга қизиқиши тобора ортиб бораётганини кўрсатади. IT Park Uzbekistan бозорига кириб келаётган халқаро компанияларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва Ўзбекистоннинг минтақадаги асосий рақамли хизматлар маркази сифатидаги мавқеини мустаҳкамлашни давом эттирмоқда.