Валюта курслари 13/06/2025
$1 – 12705.79
UZS – 0.47%
€1 – 14704.41
UZS – 1.68%
₽1 – 159.20
UZS – -1.04%
Қидириш
Ўзбекистон 14/06/2025 Rothschild & Co ва Ўзбекистон хусусийлаштириш ва IPO бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олди

Rothschild & Co ва Ўзбекистон хусусийлаштириш ва IPO бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 12 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров “Rothschild & Co” гуруҳи вакиллари билан учрашув ўтказди. Мазкур учрашувда “Rothschild & Co” Кузатув кенгаши аъзоси Ариел Малард де Ротшилд, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатларидаги раҳбари Жованни Салветти, “UzAssets” бошқарув раиси Бобур Абдиназаров ҳамда бир қатор масъул ходимлар иштирок этди.

“Rothschild & Co” — дунёнинг энг нуфузли ва тарихий молиявий гуруҳларидан бири бўлиб, 200 йилдан ортиқ фаолият тажрибасига эга. Компания молиявий маслаҳатлар, активлар бошқаруви, инвестицияларни жалб қилиш, хусусий капитал ва банк хизматлари соҳаларида етакчи ўринларни эгаллайди. Бугунги кунда “Rothschild & Co”  дунёнинг 40 дан ортиқ давлатида офисларга эга бўлиб, давлат ва хусусий сектор мижозларига хизмат кўрсатади.

Мулоқот давомида давлат активларини хусусийлаштириш йўналишида олиб борилаётган ишлар таҳлил қилиниб, бугунги кунгача эришилган натижалар кўриб чиқилди. Хусусан, халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган банкларни хусусийлаштириш жараёнлари, жумладан, IPO (акцияларни оммавий савдога чиқариш) босқичларига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар келгусида йирик стратегик инвесторларни жалб этиш, хусусий сектор улушини кенгайтириш ва Ўзбекистон молия бозорини очиқ, рақобатбардош тамойиллар асосида ривожлантириш бўйича фикр алмашди.

Учрашув якунида хусусийлаштириш ва молиялаштириш соҳаларида инновацион ёндашувларни татбиқ этиш, банк секторини халқаро стандартларга мослаштириш ва IPO орқали давлат активларини очиқ ва шаффоф механизмларда хусусийлаштириш борасида кейинги ҳамкорлик чора-тадбирлари бўйича келишувга эришилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг