Россиянинг Олтой Республикаси билан чорвачилик соҳасидаги ҳамкорлик кенгайтирилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистоннинг Новосибирскдаги бош консули Аслам Акбаров Россиянинг Олтой Республикси Қишлоқ хўжалиги вазирлигида бўлиб ўтган йиғилишда иштирок этди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Ўзбекистон ҳудудлари ва Олтой Республикаси ўртасида чорвачилик соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболларига бағишланган йиғилишда Олтой Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Андрей Цигулев, вазирлик масъул ходимлари, ҳудуддаги йирик чорвачилик корхоналари ва фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этди.
Олтой Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Андрей Цигулев Ўзбекистон билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни, айниқса, чорвачилик, жумладан, наслчилик соҳасида ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади.
"Ҳозирги кунда Олтой тоғларида қорамол экспорт қилиш ҳуқуқига эга бўлган 6 та корхона мавжуд. Шунингдек, республикада 196 минг бошдан ортиқ қорамол бор. Ўзбекистоннинг гўшт маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи ортиб бораётганини инобатга олиб, биз мамлакатингизнинг етказиб бериш бўйича барча сўровларини кўриб чиқишга тайёрмиз", деди у.
Қайд этилишича, ўрнатилган алоқалар туфайли 2024 йилда Россиянинг ушбу ҳудудидан қорамолларнинг, жумладан, Ўзбекистонга экспорти қарийб 68 фоизга ошган.
Тадбирда сўзга чиққан йирик чорвачилик хўжаликлари раҳбарлари Ўзбекистон томони билан ҳамкорликдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.
Учрашувда Ўзбекистон ва Олтой ҳудуди фермерларининг бевосита алоқаларини йўлга қўйиш, пировардида мамлакатимизга етказиб берилаётган қорамол ва майда шохли моллар таннархига таъсир кўрсатувчи воситачилар занжирига барҳам бериш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунида Ўзбекистон томонининг таклифига биноан Олтой Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири ва мамлакатимиз Бош консулхонаси вакилларидан иборат тезкор ишчи гуруҳи тузилди.