Россиянинг Челябинск вилоятида қаровсиз қолган беш нафар бола Ўзбекистонга қайтарилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Бош консулхонаси кўмагида Россиянинг Челябинск вилоятида ота-она қарамоғисиз қолган беш нафар вояга етмаган болаларнинг юртимизга қайтиши таъминланди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Жумладан, 2008 йилда туғилган А.М., 2018 йилда туғилган З.О., 2018 йилда туғилган Ф.О., 2020 йилда туғилган И.О. ва 2023 йилда туғилган Т.С.ни Ўзбекистонга олиб келиш мақсадида Челябинск вилояти Ижтимоий муносабатлар вазирлиги Васийлик ва ҳомийлик ишларини ташкил этиш маркази раҳбарияти билан музокаралар ўтказилди. Учрашув давомида томонлар масалага доир ҳужжатлар билан танишиб чиқиб, Бош консулхона ходими гувоҳлигида вояга етмаган фуқароларни топшириш ва қабул қилиш жараёни билан боғлиқ бўлган ҳужжатларни расмийлаштирдилар.
Вояга етмаган Ўзбекистон фуқаролари шу йил 11 октябрь санасида "Екатеринбург-Тошкент" авиарейси орқали Ватанга кузатиб қўйилди.