Россиялик «Антарус» компанияси Фарғона вилоятида ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширишни режалаштирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Россия Федерациясининг “Антарус” компанияси раҳбари Сергей Язюковни қабул қилди.
Россияда замонавий ишлаб чиқаришларга эга бўлган ушбу компания сув таъминоти, иситиш ва ёнғин ўчириш тизимлари учун насос ҳамда муҳандислик ускуналарини ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, учрашувда лойиҳалаштириш, насос станцияларини йиғиш, автоматлаштириш ва бутун мамлакат бўйлаб хизмат кўрсатиш жараёнлари ҳақида маълумот берилди.
Компания раҳбари Ўзбекистонда, хусусан, Фарғона вилоятида инвесторлар учун қулай шарт - шароитлар яратилгани ва ишчи кучининг етарли эканлигини эътироф этиб, ушбу ҳудудда ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширишга катта қизиқиш билдирди.
Мулоқотда қурилишда қўлланиладиган пластмасса маҳсулотлари, насос ускуналари, гидромодуллар ва босимни ошириш станцияларини ишлаб чиқариш ҳамда муҳандислик тизимларини ташкил этиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров бундай маҳсулотларга нафақат мамлакатимизда, балки хориж бозорларида, қўшни давлатларда ҳам катта талаб мавжудлигини, сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариб, уни экспортга йўналтириш муҳимлигини қайд этди. Бу каби истиқболли лойиҳаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини маълум қилди ва ҳамкорлик чора-тадбирлари келишиб олинди.
Маълумот ўрнида, бугунги кунда вилоятимизда 163 та Россия капитали иштирокидаги корхоналар фаолият олиб бормоқда.