Россиядан Ўзбекистонга қаровсиз қолган 14 нафар бола қайтарилди
Россиядан Ўзбекистонга қаровсиз қолган 14 нафар бола қайтарилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил 27 январь куни Россия Федерациясининг турли ҳудудларидан Ўзбекистонга ота-она қаровисиз қолган 14 нафар бола қайтарилди.
Болаларни қайтариш ташаббуси халқаро ҳамкорлик доирасида амалга оширилди: Ўзбекистон Республикаси Бола ҳуқуқлари бўйича вакили Россия Федерацияси Бола ҳуқуқлари бўйича вакили М. Львова-Беловага мурожаат йўллаб, болалар Ватанга қайтарилгунга қадар уларни Россиядаги болалар муассасаларида вақтинча жойлаштиришни ташкил этишда кўмак сўраган.
Россиялик вакил томонидан кўрилган тезкор чоралар натижасида болаларга Россия Федерациясининг тегишли ҳудудларида яшаш учун қулай шарт-шароитлар яратилди.
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги иштирокида олиб борилган қўшма ишлар натижасида барча 14 нафар бола Ватанга қайтарилди: тўрт нафари Москвадан, олти нафари Тверь вилоятидан ва тўрт нафари Москва вилоятидан.
Ўзбекистон Республикаси Бола ҳуқуқлари бўйича вакили тезкор ҳамкорлик учун россиялик ҳамкасбига миннатдорлик билдирди ҳамда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш манфаатларида келгусида ҳам конструктив ҳамкорликка тайёр эканини тасдиқлади.