Россияда чет элликларни легаллаштириш муддати 10 сентябргача узайтирилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Россия Президенти Владимир Путин мамлакатда ноқонуний равишда бўлиб турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар 2025 йил 10 сентябргача ҳуқуқий мақомини расмийлаштириши ёки мамлакат ҳудудини тарк этиши шартлиги ҳақидаги муддатни узайтириш тўғрисидаги фармонни имзолади.
2024 йил декабрида қабул қилинган аввалги фармонга кўра, мигрантларга легаллашиш ёки чиқиб кетиш учун 2025 йил 30 апрелигача муҳлат берилган эди.
Имзоланган фармонлардан бири, шунингдек, “назоратдаги шахслар реестри” орқали мигрантларни рўйхатга олиш механизмни жорий этмоқда. Бу чора мамлакатда ноқонуний асосда бўлиб турган чет эллик фуқароларга тааллуқлидир.
Бундай шахслар, шу жумладан фуқаролиги йўқ шахслар ҳақидаги маълумотлар реестрга улар чегарани ноқонуний кесиб ўтган, визаси ёки яшаш гувоҳномаси бекор қилинган пайтдан бошлаб киритилади.
Бундан ташқари, 2025 йил 5 февралдан Россияда ноқонуний мигрантларни мамлакатдан чиқариб юбориш бўйича махсус тартиб кучга кирган. Бу тартиб, жумладан, Россия Ички ишлар вазирлигига суд қарорисиз ҳам мигрантларни депортация қилиш имконини беради. Илгари бундай ваколат фақат суд ва чегара хизматига тегишли эди.