Россия 2025 йил 30 июндан визасиз кирувчи хорижликлар учун рақамли рўйхатдан ўтишни жорий қилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 30 июндан бошлаб Россия ҳудудига визасиз режимда кирувчи хорижий фуқаролар учун мажбурий рақамли олдинги рўйхатдан ўтиш тизими жорий этилади. Бу талаб Ўзбекистон фуқароларига ҳам тааллуқли бўлади.
Янги тартибга кўра, хорижликлар Россияга киришдан камидан 72 соат олдин махсус мобил илова — «Госуслуги RuID» орқали ариза тўлдириши ва QR-код олиши керак. Бу QR-код чегарадан ўтиш пайтида тақдим этилади.
Рўйхатдан ўтиш учун фуқаролар қуйидагиларни бажариши талаб этилади:
шахсий кабинет очиш,
фотосурат юклаш,
паспорт ва шахсий маълумотларни киритиш,
Россияда бўлиш муддатини кўрсатиш.
Фавқулодда ҳолатлар (масалан, қариндошнинг вафоти ёки касаллик) учун истисно берилади — бу ҳолатларда аризани келишдан 4 соат олдингача юбориш мумкин.
Қуйидагилар рақамли рўйхатдан ўтишдан озод этилади:
Беларусь фуқаролари,
6 ёшгача бўлган болалар,
виза, яшаш гувоҳномаси ёки вақтинча яшаш рухсатномаси асосида Россияга кирувчилар.
6 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар учун аризани ота-оналари ёки қонуний вакиллари топширади, лекин уларнинг ўзида аллақачон амалдаги рухсат бўлиши шарт.
Мазкур QR-код Россия чегара назоратини рақамлаштириш ва хавфсизликни таъминлашга қаратилган чора-тадбирлардан бири бўлиб, кираётган шахсларни автоматлаштирилган тизимда олдиндан ҳисобга олиш имконини беради.