Росатом халқаро Global Atomic Quiz'га мезбонлик қилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Росатом» давлат корпорацияси 10 ноябрда Бутунжаҳон фан кунига бағишланган Global Atomic Quiz халқаро викторинасини ўтказади.
Бу йилги викторина дунё бўйлаб иштирокчилар учун янада қулайроқ бўлади: у 16 тилда онлайн тарзда ҳамда Ветнамдан Бразилиягача бўлган мамлакатларда юзма-юз ўтказилади. Асосий юзма-юз тадбир 10 ноябрь куни Москвада бўлиб ўтади. Унда турли олий таълим муассасалари талабалари ўз билимларини синаб кўриш имкониятига эга бўладилар.
Иштирокчилар тинч атом ҳақида кўпроқ маълумот олиш ва ноёб совғаларни қўлга киритишдан ташқари, атом кашфиётларининг турли даврларини ўзлари учун очишлари мумкин. Турли қийинлик даражасидаги ва мавзулардаги 18 та саволга жавоб бериш учун 24 соат вақт ажратилади. Викторина саволлари учта асосий йўналишга бўлинади: «Тарих», "Бугунги кун технологиялари" ва «Келажак».
Викторинада қатнашиш учун 10 ноябрь куни лойиҳа веб-сайтида рўйхатдан ўтишингиз зарур. Сайт ташриф буюрувчиларига турли мураккаблик даражасидаги машқ тестлари ҳам тақдим этилади.
Ғолиблар рўйхати 22 ноябргача лойиҳа веб-сайтида эълон қилинади. 100 нафар ғолиб махсус совғалар билан тақдирланадилар. Энг яхши натижа кўрсатган уч нафар иштирокчи эса алоҳида соврин - Россияга саёҳат қилиш имкониятига эга бўлади. Шу билан бирга, барча иштирокчиларга электрон сертификат топширилади.
Global Atomic Quiz - ядро физикаси асосларини тушунтирувчи, атом технологияларининг инсон кундалик ҳаётидаги аҳамиятини ва сайёрамизни асрашда атом энергиясининг ролини таъкидловчи «Росатом»нинг глобал маърифий лойиҳасидир.
Лойиҳа 2020 йилдан бери 16 тилда: рус, инглиз, ўзбек, араб, венгер, турк, португал, испан, хитой, мянма, индонез, бенгал, қозоқ, қирғиз, мўғул ва ветнам тилларида ўтказиб келинмоқда. Беш йил давомида викторинада 100 дан ортиқ мамлакатдан 65 мингдан зиёд мактаб ўқувчилари ва талабалар иштирок этишди.
2023 йилда лойиҳа "Фанга садоқат учун" IX Бутунроссия мукофотининг "Фан дунёга" номинациясида ғолибликни қўлга киритди.
«Росатом»нинг маърифий фаолияти энг кенг қамровли аудиторияга йўналтирилган. Илмий-маърифий лойиҳаларнинг мақсадлари атом технологияларини оммалаштиришдан ташқари, умуман фан ва технологиялар ҳақидаги билимларнинг қулайлигини ошириш, илмий-техник таълим ва муҳандислик мутахассисликларининг жозибадорлигини кучайтириш ҳисобланади.
«Росатом» томонидан ташкил этилган маърифий инфратузилма тармоғига Россия ва хорижда жойлашган атом энергияси бўйича 25 та ахборот маркази киради. 2023 йилда ушбу марказларга 280 мингдан зиёд киши ташриф буюрган.
Тинчлик ва тараққиёт учун Халқаро фан куни 2001 йилда ЮНEСКО томонидан таъсис этилган. Унинг мақсади олимларнинг инсоният ривожланишига қўшган ҳиссасини эътироф этишдир.
Россия Федерацияси ҳукумати ва йирик Россия компаниялари ҳамкор мамлакатлар билан муносабатларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу фаолият таълим ва маданий дастурларни, иқтисодий ва илмий ҳамкорликни ўз ичига олади. «Росатом» давлат корпорацияси корхоналари ушбу ишда фаол иштирок этмоқда.