Ригада Ўзбекистон ва Латвия бизнес доиралари иштирокида бизнес-форум бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 4 август куни Рига шаҳрида Ўзбекистон-Латвия бизнес-форуми ва B2B учрашувлар ўтказилди. Тадбирда икки мамлакат расмийлари, йирик компаниялар ва бизнес вакиллари иштирок этди. Тадбир Ўзбекистон Республикасининг Латвиядаги элчихонаси кўмагида ташкил этилди.
Форумда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Дилшод Расулов нутқ сўзлаб, икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик изчил ривожланаётганини таъкидлади. Унинг таъкидлашича, сўнгги йилларда логистика, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, таълим, тўқимачилик ва туризм соҳаларида қатор қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Шунингдек, Рига шаҳрида фаолият юритаётган Ўзбекистон Савдо уйи икки мамлакат ўртасидаги савдо ва логистика алоқаларини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этаётгани қайд этилди.
Тадбирда иштирокчиларга Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, инвестиция муҳити, экспорт салоҳияти ва икки томонлама товар айирбошлаш кўрсаткичлари ҳақида тақдимот ўтказилди.
Форумнинг амалий қисмида Ўзбекистон ва Латвия тадбиркорлари ўртасида B2B учрашувлар ташкил этилди. Унда экспорт-импорт соҳасидаги янги йўналишлар муҳокама қилиниб, қатор шартномалар кўриб чиқилди.