Reformatiks 2040 йилгача бўлган соҳа ривожлантириш стратегияси доирасида Фарғонанинг туризм салоҳиятини ўрганмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосари Хуршиджон Аҳмедов Грузиянинг “Reformatiks” компанияси вакили Отар Бердзенишвилини қабул қилди.
Учрашувда бугунги кунда Ўзбекистонда туризмини 2040-йилгача ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш устида иш олиб борилаётгани, мазкур компания вакиллари Ўзбекистоннинг бир қатор ҳудудларида бўлиб, бу жараёнларда фаол иштирок этаётгани маълум қилинди.
Фарғонага ташриф ҳам ана шу жараённинг бир қисми бўлиб, ўрганишлар натижасида Фарғона — Ўзбекистон туризмининг ҳаракатлантирувчи локомотивига айланиш салоҳиятига эга эканлиги таъкидланди.
2017 йилдан буён Ўзбекистонда иқтисодиётни ривожлантирувчи тармоқларда ўрганишлар олиб бораётган ушбу компания бугунги кунга қадар икки маротаба оралиқ ҳисобот тақдим этган. Уларда туризм инфратузилмасини модернизация қилиш, хусусий сектор ва инвесторлар иштирокини кенгайтириш, меҳмонхоналар, тарихий обидалар ва зиёрат масканларига хизмат сифатини ошириш, ҳудудни халқаро туризм харитасида янада фаол тарғиб этиш масалаларига асосий эътибор қаратилган.
Хуршиджон Аҳмедов мулоқотда вилоят туризм салоҳияти, унинг узоқ ўтмишдан сўзлайдиган тарихий обидалари, археологик ёдгорликлари, эко, гастрономик ва бошқа туристик объектлари, сайёҳларни жалб этиш имкониятлари ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.
Хусусан, тиббиёт туризмини, агротуризмни жадал ривожланиб бораётгани таъкидланди. Айниқса, турли халқаро форумлар ва фестивалларни ўтказиш ўзига хос анъанага айлангани, бу ҳам соҳа ривожига хисса қўшаётгани қайд этилди.
Учрашувда хорижий компания билан туристлар учун қулайликлар яратиш, сервис сифатини ошириш ҳамда янги туризм маршрутларини жорий этиш каби йўналишларда ҳамкорлик истиқболлари келишиб олинди.