Расмий ташриф доирасида 4iG компанияси бошқарув кенгаши раиси билан учрашув ўтказилди
Расмий ташриф доирасида 4iG компанияси бошқарув кенгаши раиси билан учрашув ўтказилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Венгрияга расмий ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси 4iG компанияси бошқарув кенгаши раиси Геллерт Ясзаи билан халқаро бизнес алоқаларини ривожлантириш масалалари муҳокамасига бағишланган учрашув ўтказди.
Учрашувда асосий эътибор Венгрия ва Ўзбекистон ўртасида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, инвестиция ҳамда технологик лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, ахборот технологиялари, рақамли инфратузилма, хусусийлаштриш ва муқобил энергия соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қаратилди.
4iG компанияси бошқарув кенгаши раиси IT тизимларини интеграция қилиш, рақамли инфратузилма, телекоммуникациялар, мудофаа ва космос лойиҳалари ҳақида батафсил маълумот берди.
Компания Марказий ва Жануби-Шарқий Европа мамлакатларида фаолият юритади ва Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистон бозорига алоҳида қизиқиш билдирмоқда. Унинг таркибига Mobile.uz ва UzCosmos каби қўшма лойиҳалар ҳам киради.
Учрашувда Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, иқтисодий либераллашув, саноатни модернизация қилиш ва хорижий инвестициялар учун қулай муҳит яратиш ҳақида маълумот берилди. Бошқарув кенгаши раиси Ўзбекистон бозори сиёсий ва ҳуқуқий жиҳатдан барқарор ва истиқболли эканини, макроиқтисодий кўрсаткичлар ва ёш аҳоли бизнес ривожланиши учун катта салоҳият яратаётганини таъкидлади.
Қўшма инвестиция ва IT лойиҳалари, рақамли инфратузилма, Mobile.uz ва рақамли хизматлар платформаларини ривожлантириш, маълумотларни қайта ишлаш марказлари фаолияти ҳамда масофадан Ерни зондлаш ва сунъий йўлдош кузатуви лойиҳалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида ҳар бир йўналишда қўшма лойиҳаларни давом эттириш ва ахборот алмашувини йўлга қўйишга келишиб олинди.