Валюта курслари 30/01/2026
$1 – 12199.10
UZS – 0.25%
€1 – 14585.24
UZS – -0.02%
₽1 – 160.49
UZS – 0.38%
Қидириш
Рақобат қўмитаси «Korzinka» дўконлар тармоғида харидорлар мурожаатлари асосида қонунбузарликларни аниқлади

Рақобат қўмитаси «Korzinka» дўконлар тармоғида харидорлар мурожаатлари асосида қонунбузарликларни аниқлади

Рақобат қўмитаси «Korzinka» дўконлар тармоғида харидорлар мурожаатлари асосида қонунбузарликларни аниқлади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Рақобат қўмитаси ижтимоий тармоқлар орқали келиб тушаётган фуқаролар мурожаатларини фаол ўрганиб, «Anglesey Food» компанияси ва «Korzinka» дўконлар тармоғи фаолиятига оид аризаларни тезкор кўриб чиқмоқда. Мурожаатларда, хусусан, тармоқ филиалларидаги озиқ-овқат ва сабзавот маҳсулотлари сифати, харид қилиш тартиби, кешбек ҳисобланиши, пештахтадаги ва кассадаги нархлар ўртасидаги фарқлар, шунингдек товар буюртма қилиш хизмати бўйича шикоятлар қайд этилган.

Кўриб чиқилган ҳолатлардан бири Янгиҳаёт туманида жойлашган «Korzinka» филиали харидорининг нархлар ва акцияларга оид номувофиқлик ҳақидаги шикояти келиш тушган. Текширув натижасида мижозга «Чортоқ» сувига қўлланилаётган чегирма ҳақида тўлиқ ва ўз вақтида маълумот берилмагани аниқланди, бу эса кассада муаммолар келиб чиқишига сабаб бўлган. Шу муносабат билан дўкон ходимларига қадоқ ҳажми ва акция таклифларига қараб нархларни тўғри акс эттириш, амалдаги нархномалар мавжудлигини доимий назорат қилиш ва харидорларни тўлиқ хабардор этиш зарурлиги бўйича қатъий тушунтиришлар берилди.

Бошқа бир ҳолатда салатлар бўлими ходимининг харидор билан қўпол муомала қилгани, товарни нотўғри тортиб бергани ва мижозга қайта хизмат кўрсатишдан бош тортгани аниқланди. Текширув натижаларига кўра мазкур ходимга нисбатан интизомий чоралар кўрилди, шунингдек бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида сотувчи ходимлар ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилди.

Асака шаҳридаги «Korzinka» филиалида харидордан сотиб олинган товарлар учун икки баравар маблағ ундирилган. Текширув бу ҳолат сканерлаш жараёнидаги техник хатолик сабаб юзага келганини кўрсатди, шундан сўнг ходимга дўконнинг ички қоидаларига мувофиқ огоҳлантириш берилди. Ортиқча ундирилган барча маблағлар истеъмолчига қайтарилди, ходимлар билан эса тушунтириш ишлари ўтказилди.

Шунингдек, ижтимоий тармоқлар орқали «Korzinka» филиалида қаҳва учун тўловнинг икки марта ечиб олингани ва пишлоқ учун нотўғри ҳисоб-китоб қилингани ҳақида шикоят келиб тушди. Текширув натижасида икки марта ечиб олиш ва пишлоқ бўйича хатоли ҳисоб-китоб тасдиқланди. Кассирларга мижозлар билан ишлаш бўйича тушунтиришлар берилди, харидорга ортиқча ечиб олинган маблағлар расмий узр сўраш билан қайтарилди.

Бундан ташқари, товар харид қилиш чоғида ундирилган сумма ошириб юборилгани ҳақида мурожаат ҳам қайд этилди. Текширув давомида стажёр-кассир тахминан 48 минг сўм миқдорида хатога йўл қўйгани аниқланди. Дўкон раҳбарияти тушунтириш ишларини олиб борди, ортиқча ундирилган маблағлар тўлиқ равишда харидорга қайтарилди.

Қайд этиш жоизки, 2025 йил давомида Рақобат қўмитаси ижтимоий тармоқлар орқали турли тоифадаги тахминан 1,5 мингта мурожаатни кўриб чиқиб, уларни самарали ҳал этиш бўйича чоралар кўрди. Бу эса истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва «Korzinka» дўконлар тармоғида хизмат кўрсатиш сифатини оширишга хизмат қилди.

#Korzinka  

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг