Рақобат қўмитаси 2025-йилда қурувчиларга қарши 1700 дан ортиқ шикоятлар олди
Рақобат қўмитаси 2025-йилда қурувчиларга қарши 1700 дан ортиқ шикоятлар олди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йилда Рақобат қўмитасига кўп квартирали уйлардан хонадон хариди бўйича 1 700 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушди. Уларнинг 76 фоизи ижобий ҳал қилиниб, 22,1 млрд сўм истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинди.
Мурожаатларнинг асосий қисми уйларнинг таъмир сифати (42,9 %) ва коммуникация тармоқлари (40,8 %) билан боғлиқ бўлиб, 16,3 фоизи уйларни ўз вақтида топширилмаслигига тўғри келган.
Қўмита томонидан 130 га яқин қурувчи–истеъмолчи шартномалари ўрганилганда аксарият шартномаларда қайта ҳисоб-китоб механизми, объектни топшириш муддати, кечиктириш учун пеня, кафолат муддати ва нуқсонларни бартараф этиш мажбуриятлари белгиланмаган.
Шартномани бекор қилиш масаласида ҳам камчиликлар кузатилиб, аксар ҳолатларда фақат қурувчи манфаатлари кўзда тутилган. Шунингдек, шартнома бекор қилинганда харидорга тўловни қайтариш муддатлари асоссиз равишда 30–180 кундан тортиб, 24–36 ойгача этиб белгиланган.
Бундан ташқари, айрим ҳолатларда “Агент” ёки “Тижорат вакили” орқали тузилган шартномаларда қурилишга масъул қурувчи томонидан шартнома имзоланмай расмийлаштирилгани аниқланган.
Табиийки, шартномадаги бу каби қонунбузилиш ҳолатлари ва мавжуд камчиликлар истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини бузилишига олиб келади ва мажбуриятини бажармаган “Қурувчи”га эса ҳеч қандай ҳуқуқий жиҳатдан жавобгарлик белгиланмайди.
Қўмита томонидан 120 та турар жой мажмуаси бўйича берилган реклама ҳолати ўрганилиб, рухсат ҳужжатларисиз ва электрон рўйхатга киритилмаган бир қатор объектлар реклама қилингани аниқланди ва қурилиш компанияси ҳамда реклама берувчиларга нисбатан молиявий жарималар қўлланилди, қонунбузилиш ҳолатларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, рухсат ҳужжатларига эга бўлмаган қурилиш объектларини реклама қилмаслик юзасидан ОАВ ва реклама соҳаси агентликларига огоҳлантириш хатлари юборилди.
Мазкур таҳлиллар асосида ишлаб чиқилган таклифлар Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияларига тақдим этилди.