Рақамли соғлиқни сақлаш маркази тиббиёт самарадорлигини ошириш учун инновацияларни тақдим этади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Куни кеча Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги “Рақамли соғлиқни сақлаш” маркази тиббий хизмат кўрсатиш самарадорлигини оширишга қаратилган тиббиёт соҳасида бир қатор инновацион лойиҳаларни тақдим этди.
Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ўзининг Телеграм-каналида таъкидлаганидек: "Ягона ДМEД тизими аллақачон 33 миллион фуқаронинг электрон ҳисобини сақлаб, шифокорлар ишини осонлаштириб, беморлар билан мулоқотга кўпроқ вақт ажратиш имконини бермоқда. Шунингдек, қайси шифокорнинг қай даражада бандлиги ва тиббий жиҳозлар ҳолатини реал вақт режимида кўрсатиб турадиган, шу йўл билан ресурсларни самарали тақсимлашга кўмаклашадиган Ситуацион марказ ҳам ташкил этилди".
Мирзиёеванинг сўзларига кўра, мамлакатимизда етти йилдан буён фаолият юритаётган “Кўнгил кўзи” лойиҳаси алоҳида эътиборга лойиқ. муддатидан олдин туғилган чақалоқларда ҳаётининг илк кунлариданоқ ретинопатияни аниқлаш мумкин. Бу эса минглаб гўдакларнинг кўриш қобилиятини сақлаб қолишга ёрдам беради. Янги технологиялар болалик давридаги кўрликнинг 90 фоизигача олдини олади.
Бундан ташқари, марказ инсульт ва кўкрак бези саратонини эрта аниқлаш бўйича ечимларни тақдим этди. – Сунъий интеллект профессионал шифокорларнинг ўрнини босолмайди, аммо уларнинг ишончли ёрдамчисига айланиб, мутахассисларнинг вақти ва кучини тежашга хизмат қилмоқда, – деди Саида Мирзиёева халқ саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилаётган мазкур лойиҳаларга муваффақият тилади.