Қувайтда 20 дан ортиқ ўзбекистонлик экспортчи иштирок этадиган биринчи Uzbek Food Festival бўлиб ўтмоқда
Қувайтда 20 дан ортиқ ўзбекистонлик экспортчи иштирок этадиган биринчи Uzbek Food Festival бўлиб ўтмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) —Жорий йилнинг 14–15 декабрь кунлари Қувайт давлатидаги Ўзбекистон элчихонаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамкорлигида илк бор ўтказилаётган “УUzbek Food Festival” — Ўзбекистоннинг аграр салоҳияти ва экспорт имкониятларини кенг жаҳон бозорига кўрсатиш йўлидаги яна бир муҳим қадамдирдир.
Шу мақсадда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бошчилигида 20 дан ортиқ йирик экспортёр тадбиркорлардан иборат делегация Ал-Қувайт шаҳрига ташриф буюрди. Улар ўзларининг 200 дан ортиқ маҳсулот турларини — қайта ишланган гўшт маҳсулотларидан тортиб, ҳўл ва қуритилган мевалар, турли озиқ-овқат қўшимчалари, зираворлар ва қандолат маҳсулотларигача бўлган кенг ассортиментни — маҳаллий истеъмолчиларга тақдим этмоқда.
Тадбир арафасида, 11 декабрь куни, Қувайтдаги Ўзбекистон элчихонаси кўмагида муҳим учрашувлар ташкил этилди. Савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчи Иқболжон Эргашев, делегация раҳбари Жамолиддин Бабаханов ҳамда “Султон Сентер” савдо тармоқлари компанияси раҳбарияти иштирок этган мулоқотда ўзаро манфаатли ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.
Аҳамиятлиси, фестиваль ҳали бошланмасдан туриб, ўзбекистонлик тадбиркорларнинг маҳсулотларига “Sulton Center” расталари орқали чакана савдо буюртмалари келиб тушди. Бу эса миллий маҳсулотларимизнинг Қувайт бозорида ўз ўрнига эга бўлаётганидан далолатдир.
Шу билан бирга, делегация “City Hypermarket” савдо тармоғи раҳбарияти билан ҳам музокаралар ўтказди. Учрашув якунлари янада қувонарли бўлди — 2026 йилда “City Hypermarket”да навбатдаги “Uzbek Food Festival”ни ўтказиш бўйича келишувга эришилди.