Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Хитойнинг CAMC Engineering делегацияси билан учрашув ўтказди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Ш. ҲидоятовТошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Хитойнинг “China CAMC Engineering Co., LTD” компанияси бошқаруви раиси Ванг Бо бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида икки давлат раҳбарлари томонидан белгиланган стратегик мақсадлар, Ўзбекистон-Хитой муносабатларининг янги босқичи ва қурилиш соҳасидаги истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди.
Томонлар айниқса Тошкент шаҳрида барпо этилаётган Олимпия шаҳарчасининг ҳозирги босқичига алоҳида тўхталиб, амалга оширилаётган ишлар ва мавжуд масалалар юзасидан фикр алмашдилар. Ванг Бо ушбу лойиҳа икки томонлама ҳамкорликдаги муҳим босқичлардан бири эканини таъкидлаб, барча имкониятлар ишга солинаётганини қайд этди.
Учрашув якунида томонлар конструктив ва очиқ мулоқотда келгусидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга келишиб олдилар.