Қурилиш объектларида QR-кодли паспорт ўрнатиш тартиби белгиланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Қурилиш объектларида QR-кодли (матрик штрихли код) паспорт ўрнатиш тартиби тўғрисида”ги низом Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди (рўйхат рақами: 3672-сон, 26.08.2025 й).
Мазкур Низом қурилиш объектларида QR -кодли (матрик штрихли код) паспортни ўрнатиш тартибини белгилайди.
QR -кодли паспорт қурилиш объекти ҳудудий инспекцияларда рўйхатдан ўтган кунда буюртмачи томонидан объектнинг кириш қисмига ёки барча учун кўринадиган жойда мажбурий тартибда ўрнатилади.
QR -кодли паспорт қурилиш объекти ҳудудий инспекцияларда рўйхатдан ўтган кундан бошлаб, объект фойдаланишга топширилгунга қадар амалда бўлиши зарур.
QR -кодли паспорт намлик ва ташқи таъсирларга чидамли материалдан тайёрланган бўлиши, умумий ўлчамлари 2400х1200 мм ни ташкил этиши ҳамда ер сатҳидан камида 1 м баландликда ўрнатилиши лозим.
Қурилиш объекти ҳудудий инспекциясида рўйхатдан ўтказилгач, «Шаффоф қурилиш» ахборот тизимида объектга оид дастлабки маълумотлар жойлаштирилган саҳифа учун QR -код автоматик тарзда шакллантирилади.