Қўриқлаш фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган Қонун маъқулланди
Қўриқлаш фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган Қонун маъқулланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида “Қўриқлаш фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.
Мазкур ҳужжат жамоат хавфсизлигини таъминлаш, фуқаролар ва ташкилотларнинг мол-мулкини ҳимоя қилиш, шунингдек қўриқлаш фаолияти соҳасидаги давлат сиёсатини замонавий талабларга мос равишда такомиллаштиришга қаратилганлиги таъкидланди.
Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ҳамда “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги, “Қўриқлаш фаолияти тўғрисида”ги, “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Хусусан, айрим маъмурий ҳуқуқбузарликларни, жумладан жамоат жойларида тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш, ноқонуний ов қилиш, дарахтларни кесиш ва бошқа экологик қоидабузарликларни кўриб чиқиш ваколати Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаментининг масъул ходимларига берилмоқда.
Шунингдек, қўриқлашнинг техник воситаларини лойиҳалаштириш ва уларга хизмат кўрсатиш бўйича рухсатнома бериш ваколатини Ички ишлар вазирлигига ўтказиш, тадбиркорлик субъектлари учун эса хабардор қилиш тартибини жорий этиш назарда тутилмоқда.
Муҳокамада сўзга чиққанлар ушбу Қонун жамоат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, аҳоли тинчлиги ва “Инсон қадри – олий қадрият” тамойилини амалда таъминлашга хизмат қилишини таъкидлади.
Сенаторларнинг фикрича, мазкур Қонунда хавфсизликни таъминлашда жазолашга эмас, балки профилактикага ҳамда жамоат тартиби, профилактика ва қўриқлаш фаолияти ягона тизим сифатида самарали ишлашига устувор аҳамият берилади.
Сенаторлар Қонунни маъқуллади.