Қозоғистонлик ҳамкасблар Ўзбекистонда маҳалла институти фаолияти билан танишдилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) —Қозоғистон Республикаси Нархоз университети Гуманитар фанлар мактаби вакиллари билан онлайн учрашув ташкил этилган эди.
Учрашув давомида маҳалла институтига катта қизиқиш билдирилган ҳамда маҳалла фаолиятини чуқур илмий ўрганиш мақсадида Ўзбекистонга ташриф буюриш таклифи илгари сурилган эди.
Натижада университет вакиллари Ўзбекистондаги ижтимоий иш тажрибасини ўрганиш мақсадида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Ҳамжамиятларни мустаҳкамлаш ва ижтимоий фаровонликни ривожлантириш маркази вакиллари билан учрашдилар ҳамда Тошкент шаҳридаги “Янги Камолон” ва Тошкент вилоятидаги «Мустақиллик» маҳаллаларида илмий тадқиқот ишларини олиб бордилар.
Тадқиқот жараёнида меҳмонлар маҳалла еттилиги фаолияти, ижтимоий хизматлар, зўравонлик ва тазйиққа учраган аёллар ҳамда болаларга кўрсатилаётган хизматлар механизми, миллий урф-одат ва қадриятларнинг фаолиятдаги ўрни, хатар гуруҳидаги болалар билан ишлаш жараёни, шунингдек, уйда парваришга муҳтож шахсларга кўрсатилаётган ижтимоий хизматларнинг йўналишлари ҳақида батафсил маълумот олдилар.
Ўрганиш натижасида қўшни давлат вакиллари Ўзбекистон тажрибасига, хусусан маҳалла институтининг ижтимоий ҳимоя ва ҳамжамиятларни мустаҳкамлашдаги ўзига хос тажрибаси ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Бу эса Ўзбекистон моделининг минтақавий миқёсда ҳам долзарблигини кўрсатади.