Қозоғистондаги металл қабул қилиш шохобчасида содир бўлган портлаш уч нафар ўзбекистонликнинг ҳаётига зомин бўлди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қозоғистоннинг Олмаота вилоятида жойлашган LGN Metal металл қабул қилиш шохобчасида содир бўлган портлаш оқибатида уч нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди. Дастлабки маълумотларга кўра, топширилган металл орасида ўқ-дорилар ҳам бўлиши мумкин.
Ҳудудий полиция маълум қилишича, қабул жараёнида номаълум бир предмет портлаб кетган. Ҳодиса жойига полиция, ёнғин хавфсизлиги хизматлари ва тиббиёт ходимларидан иборат тезкор хизматлар етиб келган.
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, фожианинг сабаблари ва шароитлари ўрганилмоқда. Расмий версия ҳали эълон қилинмаган.
KTK телеканали маълум қилишича, эҳтимолдан узоқ эмаски, металл орасида миналар бўлган. Қабул шохобчаси эгаси таъкидлашича, металл аввалроқ ҳарбий идорадан арзон нархда харид қилинган бўлиши мумкин:
«Орқада қуйиш цехимиз бор, уни хитойлик компания ижарага олган. Кўринадики, арзон нархда бир вақтлар лом сотиб олишган, лекин унинг орасида Мудофаа вазирлигига тегишли — ишлатилмаган миналар ҳам чиққан. Ҳозир барча куч тузилмалари текширув ўтказмоқда», — деди у.