Қозоғистон савдо ва интеграция вазири Осакадаги EXPO 2025 кўргазмасида Ўзбекистон Павильонига ташриф буюрди
(Сурат: Ўзбекистон Республикаси Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси)
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Осака шаҳрида ўтаётган Бутунжаҳон кўргазмаси EXPO 2025 доирасида Қозоғистон миллий куни муносабати билан Қозоғистон Республикаси савдо ва интеграция вазири Арман Шаккалиев бошчилигидаги расмий делегация Ўзбекистон Павильонига ташриф буюрди.
Юқори мартабали меҳмон учун махсус экскурсия ташкил этилди. Унда Арман Шаккалиев Павильон концепцияси ва асосий экспозиция зоналари билан танишди. У ўзбек томонини нуфузли халқаро Red Dot мукофоти билан табриклаб, пухта ўйланган концепция ташриф буюрувчиларга Ўзбекистоннинг тарихи, маданияти ва замонавий ютуқларини чуқурроқ англаш имконини беришига алоҳида урғу берди.
Қозоғистон вазирига айниқса ноёб ҳаракатланувчи платформа, террасанинг архитектуравий ечими ва экспозиция билан интерактив мулоқот учун илғор NFC-технологияларидан фойдаланилиши катта таассурот қолдирди.
Арман Шаккалиев кўргазма якунлангач Павильонни Нукус шаҳрида қайта тиклаш режаларини алоҳида таъкидлаб, буни Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиш тамойиллари ва маданий меросни асраб-авайлашга содиқлигининг ёрқин намунаси сифатида баҳолади.
Ташриф якунида вазир Ўзбекистон Павильонининг Фахрий меҳмонлар китобига ёдгорий ёзув қолдирди.