Қорақалпоғистондаги темир йўл кесишмасида йўловчи поезди юк машинаси билан тўқнашиб кетди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қорақалпоғистоннинг Қўнғирот минтақавий темир йўл кесишмасида йўловчи поезди ва юк машинаси иштирокида ЙТҲ содир бўлди.
“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти матбуот хизматининг маълум қилишича, 2025 йил 6 октябрь куни соат 15:31да «Тўрткўл» ва «Элликқалъа» станциялари оралиғининг 531 км 8-пикетида жойлашган қўриқланмайдиган темир йўл кесишмасида Қўнғирот ‒ Андижон йўналишидаги 128-сонли йўловчи поезди «КамАЗ» билан тўқнашиб кетган.
Дастлабки маълумотларга кўра, юк машинаси ҳайдовчиси қўриқланмаган темир йўл кесишмасидаги сигналларга эътибор бермай, рельсга чиқиб кетган, натижада тўқнашув содир бўлган.
Юк автомашинаси ҳайдовчиси шифохонага жўнатилган. Йўловчи поездида 216 та йўловчи бўлиб, уларнинг соғлигига зарар тушмаган.
Тепловоз шикастлангани ва ҳаракатни давом эттириш имкони бўлмагани учун соат 16:15 да воқеа жойига ЎзТE16М2 русумли 025-сонли захира локомотив жўнатилди.
Воқеа жойига темир йўл компанияси раҳбарияти вакиллари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари етиб келган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.