Валюта курслари 01/12/2025
$1 – 11940.95
UZS – 0.32%
€1 – 13814.49
UZS – 0.25%
₽1 – 152.68
UZS – 0.33%
Қидириш
Қорақалпоғистонда Модулли Интеллектуал Ҳисоблаш Марказини қуриш бўйича ҳаракатлар режаси имзоланди

Қорақалпоғистонда Модулли Интеллектуал Ҳисоблаш Марказини қуриш бўйича ҳаракатлар режаси имзоланди

Қорақалпоғистонда Модулли Интеллектуал Ҳисоблаш Марказини қуриш бўйича ҳаракатлар режаси имзоланди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Сунъий интеллект технологияларини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2025 йил 22 октябрдаги ПФ–189-сон Фармонига мувофиқ, дата марказлар фаолиятига бир қатор имтиёзлар берилган.

Шунга мувофиқ Рақамли технологиялар вазирлигида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Фарҳод Эрманов, Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов ҳамда “Shanghai LinkWise Data Intelligence Co., Ltd” компанияси таъсисчиси Ванг Хуҳуи бошчилигидаги делегация ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда дастлаб Модулли Интеллектуал Ҳисоблаш Марказини (МИҲМ) барпо этиш бўйича олиб борилаётган ишлар, лойиҳанинг стратегик аҳамияти ва инфратузилмавий талаблар батафсил муҳокама қилинди.

Томонлар қурилиш жараёнлари, замонавий техник ечимлар ва марказнинг самарали фаолият кўрсатиши учун зарур инфратузилмавий шарт-шароитлар ҳақида фикр алмашдилар. Лойиҳанинг мамлакатимиз учун рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, юқори технологиялар соҳасида имкониятлар яратиш ва маҳаллий инвестицияларни жалб этиш нуқтаи назаридан аҳамияти алоҳида таъкидланди.

Учрашувнинг яна бир муҳим йўналиши Қорақалпоғистон Республикасида маҳаллий талантлар ва мутахассислар салоҳиятини ошириш бўлди. Хусусан, ҳудудда янги иш ўринларини яратиш, маҳаллий ёшларни юқори технологиялар соҳасига жалб қилиш ва уларни замонавий рақамли йўналишлар бўйича тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.

Шу билан бирга, ёш мутахассислар учун қўллаб-қувватлаш дастурларини ишлаб чиқиш ва уларни профессионал ривожланиш имкониятлари билан таъминлаш бўйича таклифлар билдирилди.

Томонлар, шунингдек, маҳаллий университетлар ва таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилиш зарурлигини қайд этдилар. 

Учрашув якунида томонлар МИҲМ лойиҳаси нафақат технологик инфратузилмани ривожлантириши, балки Қорақалпоғистон Республикасида янги билимлар, малакалар ва юқори технологик экотизимни шакллантиришга хизмат қилишини қайд этдилар. Шу мақсадда, Модулли Интеллектуал Ҳисоблаш Марказини қуриш бўйича ҳаракатлар режаси имзоланди.

Ушбу режага мувофиқ биринчи босқичда 60 мегаваттлик, иккинчи босқичда эса 240 мегаваттлик, жами 300 мегаваттлик дата марказ барпо этилиши режалаштирилган.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг