Валюта курслари 07/10/2025
$1 – 12022.90
UZS – -0.31%
€1 – 14025.92
UZS – -0.92%
₽1 – 144.75
UZS – -1.51%
Қидириш
Қонунчилик палатасида аҳолини зарарли шовқинлардан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси қабул қилинди

Қонунчилик палатасида аҳолини зарарли шовқинлардан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси қабул қилинди

Қонунчилик палатасида аҳолини зарарли шовқинлардан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси қабул қилинди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда “Аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилмоқда.

Аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳаси сиёсий партиялар фракциялари, депутатлар, қўмита ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши аъзолари ва соҳа мутахассисларининг таклифлари асосида иккинчи ўқишга тайёрланган ва такомилига етказилган.

Хусусан, лойиҳа билан фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузишга йўл қўйилмайдиган вақтлар оралиғини амалдаги етти соатдан (соат 23.00 дан 06.00 гача) саккиз соатга (соат 23.00 дан 07.00 гача), дам олиш кунлари ва қонунчилик билан белгиланган ишланмайдиган байрам кунлари эса соат 22.00 дан 09.00 гача бўлган вақт оралиғига ўзгартириш таклиф этилмоқда. Ушбу вақт оралиғида фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда.

Шунингдек, аҳоли истиқомат қиладиган кўп квартирали уйларда шовқининг йўл қўйиладиган даражасидан ошадиган қурилиш ва таъмирлаш ишларини иш кунлари соат 09.00 дан 18.00 гача амалга ошириш мумкинлиги белгилаб қўйилмоқда.

Шовқиннинг зарарли таъсири натижасида етказилган зарар учун компенсация суд тартибида ундирилиши, компенсация тўлаш шовқиннинг зарарли таъсирининг олдини олишга қаратилган тадбирларни бажаришдан озод этмаслиги, шовқиннинг йўл қўйиладиган даражасидан юқори бўлган меҳнат шароитларидаги ишларда банд бўлган ходимларнинг меҳнати учун меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка асосан оширилган миқдорда ҳақ тўланиши белгиланмоқда.

Фуқароларнинг осойишталигини ва нормал дам олишини бузишга йўл қўйилмайдиган вақт оралиғида белгиланган нормадан ортиқ шовқинга мунтазам равишда йўл қўяётган объектлар фаолиятини тўхтатиб туриш механизми аниқлаштирилмоқда.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши аҳолининг саломатлиги ва осойишталигини ҳар қандай зарарли шовқинлар таъсиридан ҳимоя қилиш борасида самарали ҳуқуқий механизмларни яратишга хизмат қилиши қайд этилди.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг