Қонунчилик палатаси техник регламентларни такомиллаштириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади
Қонунчилик палатаси техник регламентларни такомиллаштириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда мамлакатимизда техник жиҳатдан тартибга солиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳаси билан маҳсулотларни мувофиқликни баҳолаш тизимини такомиллаштириш, стандартларни ихтиёрий қўллаш амалиётини кенгайтириш, метрология соҳасини халқаро талаблар асосида қайта ташкил этиш ҳамда аккредитация органлари фаолияти мустақиллигини кучайтириш назарда тутилмоқда. Шу билан бирга, миллий қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти битимлари талаблари билан уйғунлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Лойиҳага мувофиқ, амалдаги қатор қонунларга, жумладан, “Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”, “Стандартлаштириш тўғрисида”, “Метрология тўғрисида” ҳамда “Мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитация қилиш тўғрисида”ги қонунларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши кўзда тутилмоқда.
Техник регламентлар орқали маҳсулот хавфсизлигини таъминлашнинг янги механизмлари жорий этилиши белгиланмоқда.
Шунингдек, давлат томонидан мажбурий тартибда рўйхатдан ўтказиладиган маҳсулотларга оид айрим нормаларни бекор қилиш ва стандартларни ихтиёрий қўллаш амалиётини кенгайтириш назарда тутилмоқда.
Метрология соҳасида эса ўлчаш воситаларини калибрлаш тизимини кенг жорий этиш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда хавфсизликни таъминлашга қаратилган янги тартиблар жорий этилиши белгиланяпти.
Шу билан бирга, аккредитация тизимида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, унинг шаффофлигини таъминлаш ва халқаро стандартларга мувофиқлигини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Қонун лойиҳасида жавобгарлик механизмлари ҳам аниқ белгилаб қўйилмоқда. Хусусан, техник регламентларда белгиланган мажбурий талабларга риоя этмаган ишлаб чиқарувчилар, импорт қилувчилар ва сотувчиларга нисбатан қатъий молиявий санкциялар жорий этилиши белгиланяпти. Жумладан, маҳсулот ёрлиқларида истеъмолчиларни чалғитувчи ёки нотўғри маълумотлар келтирилган ҳолатларда жарима чоралари қўлланилиши белгилаб қўйилмоқда.
Бундан ташқари, мувофиқликни баҳолаш органларининг масъулияти ҳам қайта кўриб чиқилмоқда. Уларнинг жавобгарлиги қонун ҳужжатлари ва шартномавий муносабатлар доирасида белгиланиши назарда тутилмоқда.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.