Қонунчилик палатаси “Суғурта бозорини ривожлантириш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Суғурта хизматлари бозорини янада ривожлантиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан кўриб чиқилди.
Ушбу қонун лойиҳаси суғурта хизматлари бозорини янада ривожлантириш орқали суғурта бозорининг профессионал иштирокчиларига қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда суғурта муносабатларидан келиб чиқадиган низоларни ҳал этишга қаратилган.
Лойиҳа билан суғурта бозорининг профессионал иштирокчилари фаолиятида хабардор қилиш тартиб таомилларини қўллаш белгиланмоқда. Шунингдек, суғурта агенти фаолиятини тартибга солишнинг янги механизмини ишлаб чиқиш, суғурталовчи лицензиясини ихтиёрий равишда бекор қилиш тартибини ваколатли давлат органи томонидан белгилаш, суғурталовчилар ва суғурта брокерларнинг мансабдор шахслари учун белгиланган малака талаблари ва уларни аниқлаш тартибини такомиллаштириш таклиф этилмоқда.
Лойиҳада мажбурий суғуртага оид қонун ҳужжатларида суғурта муносабатларидан келиб чиқадиган низоларни ҳал этиш ҳамда соҳани рақамлаштиришга оид меъёрлар ҳам акс эттирилгани депутатлар эътиборида бўлди.
Халқ вакиллари транспорт воситасидан фойдаланишда мажбурий суғурта қилиш, йўл транспорт ҳодисаси рўй берганда томонлар келишувига кўра суғурта тўловини айбдор томоннинг суғурталовчисидан олиш масалалари тартибга солинаётганлигини маъқулладилар.
Шу билан бирга, суғурта хизматлари истеъмолчилари ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш мақсадида суғурталовчи томонидан истеъмолчига тақдим этилиши шарт бўлган маълумотлар рўйхати лойиҳада акс эттирилишини ижобий баҳоладилар.
Депутатлар қонун лойиҳаси билан киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар суғурта хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилинишини таъминлашда ва суғурта соҳасининг ривожланишида муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.
Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.