Қонунчилик палатаси рақамли ёрлиқлаш самарадорлигини оширишга қаратилган қонун лойиҳасини маъқуллади
Қонунчилик палатаси рақамли ёрлиқлаш самарадорлигини оширишга қаратилган қонун лойиҳасини маъқуллади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида рақамли маркировкалаш тизими самарадорлигини оширишга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилмоқда.
Мазкур қонун лойиҳасида белгиланаётган нормалар масофавий солиқ текшируви жараёнларини тезкор ташкил этиш, солиқ тўловчи ҳузурига бормасдан назоратни амалга ошириш ҳамда тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ортиқча аралашувларнинг олдини олишга қаратилган.
Қонун лойиҳаси рақамли маркировкалаш қоидаларини четлаб ўтиш орқали ноқонуний маҳсулот айланмасига қарши курашиш, сифатсиз ёки қалбаки товарларнинг бозорга кириб келишини барвақт аниқлаш ва чеклашга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди. Бу эса фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш, инсофли солиқ тўловчилар учун соғлом рақобат муҳитини шакллантиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлади.
Мажлисда қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида депутатлар берган таклиф ва тавсиялар Ишчи гуруҳ ва қўмита аъзолари иштирокида батафсил кўриб чиқилгани, лойиҳа нормаларининг мазмуни аниқлаштирилгани, қонунчилик техникаси талабларига мувофиқлаштирилгани таъкидланди.
Депутатларнинг қайд этишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши солиқ назоратининг замонавий механизмларини жорий этишга, рақамли инструментлар орқали ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва иқтисодиётда очиқликни таъминлашга хизмат қилади.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.