Қонунчилик палатаси Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини кўпайтириш чораларини муҳокама қилди
Қонунчилик палатаси Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини кўпайтириш чораларини муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Депутатлар Қишлоқ хўжалиги вазири И. Абдурахмоновнинг “Мамлакатимизда экспортбоп мева-сабзавот маҳсулотлари ҳажмини кўпайтириш ва мақсадли экспорт кўрсаткичларининг бажарилиши борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги парламент сўровига берилган жавобини кўриб чиқди.
Унда келтирилишича, кейинги йилларда мамлакатимизда ер ресурсларидан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, мева-сабзавот маҳсулотларининг экспорт салоҳиятини янада ошириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш, сақлаш ва экспорт қилишга доир ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, “Қишлоқ хўжалиги кооперативи тўғрисида”ги ва “Қишлоқ хўжалиги таваккалчиликларини суғурта қилиш тўғрисида”ги яхлит қонунлар ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Сув кодекси қабул қилиниб, қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотларнинг ҳуқуқий пойдевори мустаҳкамланди.
2025 йилда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати соҳасида халқаро стандартлар талабларини жорий этиб, сертификатланган корхоналар сонини 2032 тага етказиш белгиланган бўлиб, бу кўрсаткич 2045 тага етказилди ва режа 101 фоизга бажарилди. Бугунги кунда республикада органик сертификат берадиган 12 та мувофиқликни баҳолаш органлари фаолият юритмоқда.
Фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан 10 минг гектарда органик маҳсулот етиштириш бўйича вазифа белгиланган бўлиб, амалда 36 та субъектлар томонидан жами 10,3 минг гектарда органик маҳсулот етиштирилди. Ушбу майдонлардан жами 26,5 минг тонна ҳосил олинган бўлса, республикада GlobalG.A.P. халқаро тан олинган стандарти талаблари асосида 955 гектар майдонда 14 минг тонна мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштирилди.
Парламент сўровига келган жавобда қайд этилганидек, халқаро стандартларни жорий этган 48 та қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат корхоналарига давлат томонидан 2025 йилда 3,8 млрд. сўм молиявий ёрдам ажратилган.
Бугунги кунда республикада қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати соҳасида амалда 4 233 та стандартлар мавжуд бўлиб, шундан, 1 957 таси халқаро стандартлар билан уйғунлаштирилди. Амалдаги стандартларни ЖСТ талабларига мослаштириш бўйича эса 410 та стандарт кўриб чиқилди.
2025-2026 йилларда ҳудудларда озиқ-овқат саноатини ривожлантириш ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш бўйича 10,4 трлн. сўмлик 673 та лойиҳаларнинг манзилли рўйхати шакллантирилиб, амалга ошириш бўйича тизимли мониторинг йўлга қўйилди.
2025 йилда фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналарида жами 3,9 млн. гектарга экин экилган бўлса, 898 минг гектарга такрорий экинлар экилиб, 12,8 млн. тонна, шундан 5,1 млн тонна озиқ-овқат маҳсулотлари етиштирилди.
Экспорт географияси эса 95 та давлатни қамраб олиб, Россия, Афғонистон, Қозоғистон, Покистон ва Хитой асосий савдо ҳамкорлари сифатида етакчи ўринларни эгаллади. Япония, АҚШ, Корея Республикаси ва Европа давлатлари бозорларига чиқиш бўйича ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Депутатлар ушбу йўналишда вазирлик томонидан муайян ишлар амалга оширилгани, шу билан бирга қишлоқ хўжалигида экспортбоп мева-сабзавот маҳсулотлари ҳажмини кўпайтириш, маҳсулотларнинг сифат ва хавфсизлик кўрсаткичларини ошириш юзасидан тегишли тавсиялар берди. Мажлисда мазкур масала юзасидан доимий парламент назорати олиб борилиши қайд этилиб, Қишлоқ хўжалиги вазирининг жавоби маълумот учун қабул қилинди.