Валюта курслари 29/01/2026
$1 – 12168.98
UZS – 0.34%
€1 – 14588.17
UZS – 1.17%
₽1 – 159.89
UZS – 0.86%
Қидириш
Қонунчилик палатаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиришлар киритиш лойиҳасини Сенатга юборди

Қонунчилик палатаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиришлар киритиш лойиҳасини Сенатга юборди

Қонунчилик палатаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиришлар киритиш лойиҳасини Сенатга юборди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида киритилган — “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.

Ушбу қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга бир қатор қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда. Хусусан, автотранспорт воситасининг босиб ўтган масофасини кўрсатувчи одометр ускунаси кўрсаткичлари ўзгартирилганлиги ёки одометр ускунаси алмаштирилганлигини била туриб, автотранспорт воситасини реализация қилишдан олдин харидорга бу ҳақда маълум қилмаслик учун жавобгарлик чоралари белгиланяпти.

Шунингдек, вояга етмаганлар иштирокидаги маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича ишларни кўришда педагог ёки психологнинг иштирок этиши талаби назарда тутилмоқда. Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш жараёнида вояга етмаганлар билан боғлиқ ҳолатларда педагог ва (ёки) психолог иштирокини таъминлаш маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ваколати бўлган органлар (мансабдор шахслар) зиммасида бўлади.

Бундан ташқари, маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахс, жабрланувчи, адвокат ва қонуний вакилга судья ёки мансабдор шахснинг иштирокини рад қилиш ҳуқуқи, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни юритишда иштирок этишга монелик қиладиган ҳолатлар белгиланмоқда.

Қонун лойиҳасида махсус ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазоси бир ярим йилгача муддатга тайинлаган бўлса, махсус ҳуқуқдан маҳрум қилиш муддатини қисқартириш тўғрисида илтимоснома киритиш имконияти жазо муддатининг ярми ўтгач, бир ярим йилдан уч йилгача муддатга тайинланган бўлса, учдан икки қисми ўтгач тақдим этилиши ўз аксини топмоқда.

Шу билан бирга, махсус ҳуқуқдан маҳрум қилиш муддатини қисқартириш ҳуқуқи қўлланилмайдиган шахслар тоифаси ҳам белгиланмоқда. Ушбу қоидаларнинг жорий этилиши қонунчиликдаги ноаниқликлар ҳамда коррупцияга шароит яратувчи нормаларнинг бартараф этилишига имконият яратиши таъкидланди.

Шаҳноза Жолдасова, Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси:

— Мазкур қонун лойиҳаси истеъмолчилар ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш, вояга етмаганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, суд ишларини кўришда уларни руҳий ва психологик жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини оширишга қаратилган.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг
СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР