Қонунчилик палатаси маҳсулот хавфсизлиги тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади

Қонунчилик палатаси маҳсулот хавфсизлиги тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади

Қонунчилик палатаси маҳсулот хавфсизлиги тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда “Маҳсулотларнинг умумий хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда консептуал жиҳатдан кўриб чиқилди.

Ушбу қонун лойиҳасида ноозиқ-овқат маҳсулотлари учун умумий хавфсизлик қоидалари белгилаш билан бирга, айрим юқори хавфли маҳсулотларга нисбатан янада қатъий талаблар қўйиш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, маҳсулотларни хавф даражасига қараб тоифалаш орқали уларни назорат қилиш тартибини такомиллаштириш таклиф этилмоқда.

Лойиҳада Жаҳон савдо ташкилотининг Савдодаги техник тўсиқлар бўйича битими талаблари инобатга олинган. Хусусан, техник регламентлар халқаро савдода ортиқча тўсиқлар яратмаслиги, маҳсулотлар учун тенг шарт-шароитлар таъминланиши ҳамда истеъмолчиларни чалғитувчи ҳолатларнинг олдини олиш тамойиллари мустаҳкамланган.

Техник регламентлар эса маҳсулот конструкциясига эмас, балки унинг хавфсизлиги ва натижавий кўрсаткичларига қаратилган талабларни ўз ичига олиши белгиланмоқда.

Лойиҳага мувофиқ, ишлаб чиқарувчилар, импорт қилувчилар ва сотувчилар зиммасига катта масъулият юкланмоқда. Улар маҳсулотнинг талабларга мослигини баҳолаб, тегишли ҳужжатларни расмийлаштириши, зарур ҳолларда эса маҳсулотни махсус мувофиқлик белгиси билан тамғалаши шарт бўлади.

Яна бир янгилик — “мувофиқлик презумпцияси” тамойили жорий этилаётганидир. Яъни, амалдаги стандартларга мувофиқ ишлаб чиқарилган маҳсулотлар хавфсиз деб ҳисобланади.

Маҳсулотларни баҳолашда эса унинг бошқа маҳсулотлар билан ўзаро таъсири, фойдаланиш шартлари, аҳолининг турли қатламлари — болалар, кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва бошқалар учун хавфсизлиги алоҳида эътиборга олинади.

Депутатларнинг фикрича, мазкур қонун қабул қилиниши ноозиқ-овқат маҳсулотлари учун аниқ ва шаффоф хавфсизлик талабларини белгилашга, иқтисодий операторлар масъулиятини оширишга ҳамда хавфли маҳсулотларнинг бозорга кириб келишининг олдини олишга хизмат қилади.

Энг муҳими, истеъмолчиларни ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга кўтарилиб, уларнинг маҳсулотларга бўлган ишончи мустаҳкамланади. Шунингдек, халқаро стандартларга мос тизимнинг жорий этилиши миллий бозор рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг