Қонунчилик палатаси ҳарбий пенсиялар тўғрисидаги қонун лойиҳасини муҳокама қилди

Қонунчилик палатаси ҳарбий пенсиялар тўғрисидаги қонун лойиҳасини муҳокама қилди

Қонунчилик палатаси ҳарбий пенсиялар тўғрисидаги қонун лойиҳасини муҳокама қилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда “Ҳарбий хизматчилар (ходимлар) ва уларнинг оила аъзоларининг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва махсус тузилмалар ходимлари, шунингдек уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Мазкур қонун лойиҳаси ҳарбий хизматчилар, шунингдек уларнинг оила аъзоларини пенсия билан таъминлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган.

Қонун лойиҳаси билан ҳарбий хизматчилар (ходимлар) ва уларнинг оила аъзоларини давлат пенсиялари билан таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини қонун билан белгилаш, ушбу пенсияни тайинлаш шартлари, турлари, миқдорлари ва тартибига оид нормаларни такомиллаштириш назарда тутилмоқда.

Хусусан, ҳарбий хизматда 30 йилдан ортиқ хизмат қилганлар учун пенсиянинг базавий миқдорини аниқлашда иш ҳақининг ҳисобга олинадиган миқдорини 75 фоиздан 100 фоизга ошириш, шунингдек, пенсия тайинлашда асос бўладиган пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорини ўн бараваридан келиб чиқиб ҳисоблаш амалиётини ўн икки бараваридан келиб чиқиб амалга ошириш таклиф этилмоқда.

Тақдим этилаётган имтиёзлар ватанимиз ва халқимиз хавфсизлигини таъминлашда узоқ йиллар фидокорона хизмат қилган, ўз ҳаётини юртимиз истиқболи учун бағшида қилиб фидойилик кўрсатган ҳарбийларимизни қўшимча рағбатлантириш, ёшларимизда бу соҳага бўлган меҳр ва иштиёқни ошириш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш каби мақсадларни назарда тутган.

Депутатлар фикрича, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ҳарбий хизматчилар (ходимлар) ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш самарадорлиги ва ҳарбий хизмат жозибадорлигини ошириш, пенсия таъминоти соҳасидаги муносабатларни аниқ тартибга солиш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиётида барқарор ва ягона механизмларни шакллантиришга хизмат қилади.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг