Қонунчилик палатаси экстремизмга қарши курашиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилди
Қонунчилик палатаси экстремизмга қарши курашиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига экстремизмга қарши курашиш самарадорлигини оширишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилмоқда.
Таъкидланганидек, бугунги кунда экстремистик ва террорчилик ташкилотлари ахборот технологиялари ҳамда Интернет тармоқларидан фаол фойдаланиб, айниқса ёшларни зўравонлик ва радикал ғояларга жалб этишга уринаётгани кузатилмоқда. Шу боис амалдаги қонунчиликни замон талаблари асосида такомиллаштириш, профилактика чора-тадбирларини кучайтириш, масъул идоралар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш долзарб вазифа ҳисобланади.
Мазкур қонун лойиҳаси мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш, экстремистик ғоялар тарқалишининг олдини олиш, ёшларни турли зарарли таъсирлардан ҳимоя қилишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Ҳужжат билан Жиноят кодекси ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга жамоат хавфсизлиги ва тартибига таҳдид солувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чораларини такомиллаштириш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунда экстремизмнинг олдини олиш, бу ҳақда хабар берган шахсларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш, ташкилотларни экстремистик деб эътироф этиш тартибларини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлашга қаратилган нормалар киритилмоқда.
Бундан ташқари, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”, “Ахборотлаштириш тўғрисида”, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”, “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”, “Таълим тўғрисида”, “Аҳоли бандлиги тўғрисида”, “Ноширлик фаолияти тўғрисида” ҳамда “Аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги қонунларга ҳам тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклиф этиляпти.
Дунёда кескинлашиб бораётган нотинчлик ва зиддиятлар шароитида амалдаги қонунларга киритилаётган бундай ўзгаришлар, энг аввалло, мамлакатимиздаги тинч ва барқарор ҳаётни, мустақиллигимизни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Мажлисда депутатлар ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши экстремизм ва радикализмга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш, профилактика ишлари самарадорлигини ошириш, шунингдек мамлакатимизда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади. Шу билан бирга, жамиятда бағрикенглик, ўзаро ҳурмат ва тотувлик муҳитини янада ривожлантиришда унинг аҳамияти алоҳида қайд этилди.
Мажлисда қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.