Қонунчилик палатаси бозорни назорат қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилди

Қонунчилик палатаси бозорни назорат қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилди

Қонунчилик палатаси бозорни назорат қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда “Бозор назорати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, бугунги кунда тадбиркорлик субъектларига яратилаётган кенг имкониятлар натижасида бозорларда маҳсулотлар тури ва ҳажми изчил ортиб бормоқда. Лекин, амалдаги техник жиҳатдан тартибга солиш тизими бозордаги барча ноозиқ-овқат маҳсулотларини тўлиқ қамраб олиш имконини бермайди. Бу эса маҳсулотлар сифатини таъминлаш, уларнинг инсон ҳаёти ва соғлиғига таъсирини баҳолашда айрим муаммоларни келтирмоқда. Шу сабабли амалдаги давлат назорати тизимидан ҳалқаро тажрибада юқори самара берган бозор назорати тизимига ўтиш зарурати юзага келяпти.

Шу муносабат билан, истеъмолчиларнинг манфаатларидан келиб чиқиб, бозорга кириб келган барча ноозиқ-овқат маҳсулотларнинг инсон ҳаёти ва соғлигига хафсизлигини ҳамда атроф-муҳитга зарар етказмаслигини таъминлашга қаратилган бозор назоратини амалга ошириш механизмларини жорий этишнинг ҳуқуқий асосларни янада такомиллаштиришга қаратилган “Бозор назорати” қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилган.

Лойиҳада бозор назоратини амалга оширишнинг таъсирчан механизмлари, хусусан, назорат харидлари, маҳсулотлар экспертизаси, жойига чиққан ҳолда ўрганишлар ўтказишнинг хуқуқий асослари белгиланмоқда. Шунингдек, маҳсулотлар номувофиқлиги ёки истеъмолда жиддий хавф-хатар туғдириши аниқланганда кўриладиган таъсир чораларига оид нормалар акс эттирилган.

Бундан ташқари, бозор назоратини олиб боришда ваколатни органлар билан божхона органлари ўртасидаги ҳамкорлик, бозор назорати соҳасида идоралараро ахборот алмашинуви, иқтисодий операторларнинг жавобгарлиги ҳамда инсон ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарарни истеъмолчиларга қоплаб беришнинг ҳуқуқий асослари аниқланган.

Депутатларнинг фикрича, қонун лойиҳасида сифатсиз маҳсулот ишлаб чиқарган, импорт қилган ёки тарқатган шахсларга нисбатан таъсир чоралари аниқ белгиланиши, жумладан, маҳсулот муомаласини вақтинча тўхтатиб туриш, уни чақириб олиш ёки бозордан чиқариш каби чоралар назарда тутилганлиги истеъмолчилар ҳуқуқ ва манфаатларинии ҳимоя қилиш имкониятини кенгайтиради.

Белгиланган техник тартибга сориш талабларини бузганлик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилаётганлиги ҳамда истеъмолда жиддий хавф туғдирувчи маҳсулотларни муомалага чиқарганлик учун молиявий жарималар жорий этилиши халқ вакиллари эътиборида бўлди.

Депутатлар муҳокамалар давомида иқтисодий операторларнинг жавобгарлиги, етказилган зарарни қоплаш механизмлари, соҳани молиялаштириш ҳамда низоларни кўриб чиқиш тартибларини янада такомиллаштириш бўйича қатор таклифларни илгари сурдилар.

Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши маҳсулотлар хавфсизлигини таъминлаш, инсон ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш, атроф-муҳитга салбий таъсирларнинг олдини олиш, шунингдек, мамлакатнинг халқаро иқтисодий майдондаги интеграция жараёнларини жадаллаштиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Муҳокамалар якунида қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг