Қонунчилик палатаси “Атом энергетикасини бошқаришни такомиллаштириш тўғрисида”ги қонунни маъқуллади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги давлат бошқаруви ва назорати тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Ушбу қонун лойиҳаси билан атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида давлат бошқаруви ва назорати тизимини такомиллаштириш, уни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш назарда тутилмоқда.
Жумладан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги соҳада ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи ваколатли орган сифатида белгиланяпти.
Шунингдек, давлат органлари, вазирлик ва идораларнинг номлари ҳамда ҳуқуқий атамалар амалдаги қонунчиликка мувофиқлаштирилмоқда. Юридик-техника қоидаларидан келиб чиқиб, нормаларни аниқлаштириш ва улар ўртасидаги уйғунликни таъминлаш мақсадида тегишли ўзгартишлар киритиляпти.
Мунозараларда қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида масъул қўмита томонидан муайян ишлар амалга оширилгани, хусусан, сиёсий партиялар фракциялари томонидан берилган барча таклифлар чуқур таҳлил қилиниб, уларнинг аксарияти ҳужжат матнида акс эттирилгани таъкидланди.
Мажлисда қонун лойиҳасининг қабул қилиниши атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида ҳуқуқий асосларни янада такомиллаштириш, давлат бошқаруви ва назоратининг самарали йўлга қўйилишини таъминлаш ҳамда соҳадаги муносабатларни замон талабларига мос равишда ривожлантиришга хизмат қилиши қайд этилди.
Муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди.