Қонунчилик палатаси “Аҳолини бандлик ва инновацион тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда юқори қўшилган қийматли товарлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.
Лойиҳа билан амалдаги 2 та кодекс ва 3 та қонунга тадбиркорларга енгилликлар беришга қаратилган бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Хусусан, юқори технологиялар асосида маҳсулотлар ишлаб чиқаришда тадбиркорлик субъектларига фойда солиғи ва мол-мулк солиғидан имтиёзлар бериш таклиф этилмоқда. Қолаверса, давлат муассасаси шаклида тузилган ҳудудий яйлов хўжаликларининг доимий фойдаланишдаги яйлов ерларини ер солиғидан озод қилиш назарда тутиляпти.
Шунингдек, енгил саноат ва хизматлар соҳасини, ипотека бозори ва фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар ва креатив паркнинг резидентларини қўллаб-қувватлашга қаратилган солиқ имтиёзларини тақдим этиш белгилаб қўйилмоқда.
Шу билан бирга, лойиҳада айланмадан олинадиган солиқ ёки қўшилган қиймат солиғи тўловчи якка тартибдаги тадбиркор молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаганлиги сабабли белгиланган тартибда давлат солиқ органининг тақдимномасига асосан ҳаракатсиз режимга ўтказилган пайтдан эътиборан бир йил ичида (амалда уч йил) ўз фаолиятини тикламаган тақдирда, у рўйхатдан ўтказувчи органнинг қарорига кўра тугатилиши мумкинлиги белгилаб қўйилмоқда.
Бундай ўзгартириш мамлакатда тадбиркорлик фаоллигини тўғри баҳолаш, иқтисодий ва статистик кўрсаткичларнинг тўғри шаклланишига ҳамда яширин иқтисодиётни қисқартиришга ижобий таъсир кўрсатади.
Қонун лойиҳасида меҳнат бозорига кириб келаётган ёшларни иш билан таъминлаш мақсадида айрим соҳалардаги тадбиркорлик субъектларига ўттиз ёшдан ошмаган ходимларни ишга қабул қилгани учун ижтимоий солиқ ставкасини 1 фоиз миқдорида белгилаш таклиф этилаётгани депутатлар томонидан маъқулланди.
Мажлисда лойиҳада белгиланаётган нормалар тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда юқори қўшилган қийматли товарлар ишлаб чиқарилишини кенгайтириш, меҳнат бозорида янги иш ўринларининг ошишига хизмат қилиши қайд этилди.
Муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди ва Сенатга юборилди.