Қонун транспорт хизмати кўрсатишни ташкил этиш тизимини такомиллаштиришга хизмат қилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига транспорт хизмати кўрсатишни ташкил этиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда транспорт соҳасини ривожлантиришга, ташишларнинг хавфсизлигини юқори даражада таъминлашга, транспорт соҳасидаги бошқарув тизимини такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, транспортда ташишларга нисбатан қўйиладиган талаблар ва шартларга амал қилиниши борасида ташувчиларнинг масъулиятини ошириш, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишда коррупцияга барҳам бериш, транспорт соҳасидаги назоратнинг самарадорлигини янада ошириш учун маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунчиликни қайта кўриб чиқиш зарурати юзага келмоқда.
Шунингдек, транспорт соҳасидаги давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузурида Транспорт назорати инспекцияси ташкил этилганлиги муносабати билан қонунчиликка тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш талаб этилмоқда.
Ушбу Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, “Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги, “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги ҳамда “Транспорт тўғрисида”ги қонунларга транспорт хизмати кўрсатишни ташкил этиш тизимини такомиллаштиришга ҳамда ташишлар самарадорлигини ва сифатини ошириш орқали юк ҳамда йўловчилар ташишдаги хавфсизликни таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга темир йўл транспортида ва метрополитенда ҳаракат ва ташиш хавфсизлиги талабларини ҳамда йўловчиларни, багажни ва юк багажини ташиш қоидаларини бузганлик учун жарима солишга сабаб бўлишини белгиловчи қўшимчалар киритилмоқда.
Таъкидланганидек, 2023 йил давомида метрополитенда 172 млн, йўловчи поездларда 9 млн 300 минг йўловчи ташилган бўлса, 2024 йилда метрополитенда 270 млн, йўловчи поездларда 10 млн 70 минг, шунингдек, автомобиль транспортида 8 млрддан ортиқ йўловчиларни ташишга эришилди. Бундан ташқари, 2024 йил давомида темир йўл транспортида 102,7 млн тонна юк ташилган бўлса, автомобиль транспортида 2 млрд тоннадан ортиқ юк ташилган.
Бу эса ўз навбатида давлат назоратини амалга оширишда йўловчи ва юкларни манзилига ўз вақтида хавфсиз етказиш, уларга хизматлар кўрсатиш жараёнининг узлуксизлиги, сифатлилиги, барқарорлиги ва ишончлилигини таъминлаш лозимлигини тақозо этмоқда.
Амалдаги қонунчиликда темир йўл ташишлари хавфсизлигини таъминлаш бўйича камчиликлар ва ҳуқуқбузарликлар аниқланганида Транспорт назорати инспекцияси юридик шахсга нисбатан фақат кўрсатма бериш ҳуқуқига эга.
Жумладан, темир йўл транспорти ҳамда метрополитенда 2024 йилда ҳаракат ва ташишлар хавфсизлиги талабларининг қўпол бузилиши билан боғлиқ 130 та ҳодиса содир этилган. Натижада ҳаракатдаги таркиб ва темир йўл инфратузилмасига қарийб 4 млрд сўм моддий зарар етказилган. Худди шунингдек, мамлакатимиз автомобиль йўлларининг тартибга солинмаган темир йўллари кесишмаларида поездлар ҳамда автотранспорт воситалари иштирокида 2024 йилда 38 та йўл транспорт ҳодисаси содир бўлган ва бунинг оқибатида 11 нафар фуқаро ҳалок бўлган.
Шу боис Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс янги 1131-модда билан тўлдирилиб, ташишлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича қоида ва талабларни бузганлик учун мансабдор шахсларга ва хизматчиларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши белгиланмоқда.
Муҳокама қилинаётган Қонун билан халқаро ва шаҳарлараро автомобиль ташувларини амалга оширишда ҳайдовчиларнинг меҳнат ва дам олиш режимини бузганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг етти баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши белгиланмоқда.
Сенаторлар томонидан Қонун транспорт хизмати кўрсатишни ташкил этиш тизимини такомиллаштиришга ҳамда юк ва йўловчилар ташишдаги хавфсизликни таъминлашга хизмат қилиши таъкидланди.
Муҳокамадан сўнг Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.